Наманган вилояти Поп туманида 18 ноябрь куни бир оиланинг уч нафар аъзоси ис газидан вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Газета.uz»га маълум қилди.
Поп тумани ИИБ навбатчилик қисми ҳабарига кўра, шу куни соат 7:30 ларда Исковут маҳалласида яшаган А.Б. (1988 й.т.) ва унинг вояга етмаган ўғли ва қизи (мос равишда 2010 ва 2014 й.т.) хонадондаги қўлбола печкадан чиққан ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлган.
Шунингдек, А.Б.нинг турмуш ўртоғи Г. М. оғир ҳолатда тиббиёт бирлашмасига олиб келиниб, шифокорлар томонидан кўрсатилган ёрдам натижасида ҳаёти сақлаб қолинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Поп тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.