18 ноябрь куни Тель-Авив яқинида беш киши «Ҳизбуллоҳ»нинг ракета зарбаси оқибатида жароҳатланди, деб хабар бермоқда The Times of Israel.

Тез ёрдам хизматининг маълум қилишича, жабрланганлардан бири, 54 ёшли аёлнинг аҳволи оғир. Яна бир киши ўртача оғирликда ва уч киши енгил тан жароҳати олган.

Исроил мудофаа армияси Ливан ҳудудидан отилган ракета ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари орқали тўхтатилганини маълум қилди. Бироқ унинг парчалари Тель-Авивнинг икки чеккаси — Рамат-Гана ва Бней-Брак чегарасига тушган.

Исроилнинг N12 телеканали маълумотларига кўра, Рамат-Ганда электр узатиш линиясида ёнғин бошланган, кўчада йўловчи бўлмаган автобусга зарар етган. Ҳаво тревогаси марказдан ташқари шимолда, Хайфа ҳудудида ҳам янграган.

Исроил марказига зарба беришдан бироз олдин «Ҳизбуллоҳ» мамлакат шимолига ҳам ўқ узган. Шфарам шаҳрида уч қаватли турар жой биносига ракета тушиб, 41 ёшли аёл ҳалок бўлган, 10 киши жароҳатланган. Бундан ташқари, воқеа жойида бинонинг 20 дан ортиқ аҳолисига турли шароитларда ёрдам кўрсатилгани айтилади.

Шу билан бирга, Ливан пойтахтининг аҳоли зич жойлашган ҳудудларига Исроил зарбалари оқибатида камида беш киши ҳалок бўлган, деб ёзмоқда BBC. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, яна 24 киши жароҳатланган.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Байрутда ракеталар парламент биноси ва бир нечта элчихоналарга келиб тегиб, уларга «катта зарар етказган».