Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа ҳамда Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманларида имтиёзли кредит маблағларини талон-торож қилган ҳоким ёрдамчиларига жиноят иши очилди. Бу ҳақда «Хавфсизлик» Telegram канали хабар қилди.

Улар Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ўтказган текширувда гумондор сифатида қўлга олинган.

Хусусан, Элликқалъа туманидаги маҳаллалардан биридаги ҳоким ёрдамчиси 33 нафар фуқарога имтиёзли кредит маблағлари ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тавсияномалар расмийлаштирган, улар номига банкдан жами 1 млрд 88 млн сўм кредит ажратилган. Ҳоким ёрдамчиси ўзининг таниши бўлган фуқаро номига масъулияти чекланган жамият ташкил қилиб, амалда уни норасмий тарзда бошқарган. Бунда кредитга олинган пулларни гўёки турли хил маҳсулотлар харид қилиш учун мазкур МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказган ва нақдлаштириш орқали талон-торож қилган.

Бундан ташқари, у турмуш ўртоғи ва синглиси номига олинган жами 65,9 млн сўм кредитни ҳам мақсадсиз сарфлаб юборган. Ҳозирда фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддалари (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғиждувон туманида кузатилган ҳолатда эса маҳаллалардан биридаги ҳоким ёрдамчиси 26 нафар фуқарога йирик ва майда шохли чорва моллари сотиб олишлари учун имтиёзли кредит маблағлари ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тавсияномалар расмийлаштирган. Улар номига банкдан жами 821 млн 858 минг сўм кредит чиқарилган. Ҳоким ёрдамчиси фуқароларни алдаб, кредит маблағлари эвазига таъминотчи корхоналардан 26 киши учун ажратилган чорва молларини сохта ҳужжатлар асосида қабул қилиб, уларни бошқа шахсларга сотиб юборганликда гумонланмоқда. У иши орқали кредит пулларининг ҳаммасини талон-торож қилган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддалари (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.