Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2024 йилнинг 19 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан амалдаги Ҳукумат янги сайланган Олий Мажлис олдида ваколатларини зиммасидан соқит қилди. Бу ҳақда бош вазир матбуот котиби хабар қилди.
2024 йилнинг 27 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларига мувофиқ, Олий Мажлис палаталари янги таркибда шакллантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддаси ва «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида Вазирлар Маҳкамаси Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиши белгиланган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси президентининг тегишли фармонига асосан, амалдаги Вазирлар Маҳкамаси Ҳукумат фаолиятида узвийлик ва узлуксизликни таъминлаш мақсадида янги таркибдаги Вазирлар Маҳкамаси шакллантирилгунига қадар ўз фаолиятини давом эттириб туриши маълум қилинади.
Бу қонун чиқарувчи орган янгилангандан кейин ижро этувчи ҳокимиятни қайта ишга туширишга қаратилган стандарт процедурадир.
Янги парламент шаклланганидан кейин бир ой ичида Ўзбекистон Президенти барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказгандан сўнг бош вазир номзодини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритади.
Номзод Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастурини тақдим этади. Агар унинг номзоди учун Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг ярмидан кўпи овоз берса, у маъқулланган ҳисобланади.
Бош вазир маъқуллаганидан сўнг ҳукуматнинг янги таркибини шакллантириш бошланади.
Вазирлар Маҳкамаси аъзолари (бош вазир ўринбосарлари ва вазирлар) номзодлари парламент қуйи палатаси томонидан маъқулланганидан кейин президент томонидан лавозимга тайинланади. Бунинг учун улар депутатларнинг ярмидан кўп овозини олиши керак.
Сайловдан кейин ҳамма вазирлар ҳам алмаштирилавермайди. Кўпинча, кўплаб вазирлар ўз лавозимларида қоладилар, айниқса уларнинг иши ижобий баҳоланган бўлса ва улар янги ҳукуматнинг сиёсий йўналишига мос келса.
Шунга қарамай, баъзи вазирлар парламент ва ҳукуматнинг янги таркиби олдида турган сиёсий устуворликлар ва вазифаларга қараб алмаштирилиши мумкин.
2020 йилги сайловлардан сўнг депутатлар тақдим этилган барча 35 нафар вазир ва бош вазир ўринбосарлари номзодларини маъқуллагандилар (биз овоз бериш жараёни қандай ўтганини ёзган эдик).