Ўзбекистонда ёшларнинг гиёҳвандлик моддаларига ружу қўйиши ва истеъмоли бўйича энг кўп ҳолатлар қайд этилаётган ҳудуд Тошкент шаҳри бўлиб турибди. Бу ҳақда 15 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш масалалари бўйича халқаро тадбирдан сўнг журналистларга интервью берган Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Ҳозирда Тошкент шаҳрида расмий статистика бўйича 18−30 ёш оралиғидаги 473 минг нафар йигит-қиз бўлса, уларнинг 6 минг нафари оғир тоифадаги ёшлар ҳисобланади. Дурдона Раҳимованинг қайд этишича, шу 6 минг кишининг 373 нафари гиёҳвандлик воситаларига сурункали равишда ружу қўйган ва психотроп моддаларни истеъмол қилади.

«Бугун бундай ёшларни наркология диспенсерларида даволатиш, профилактика инспекторлари ва ёшлар етакчилари орқали улар билан доимий мулоқот қилиш йўлга қўйилган, шунингдек, уларга давлат бошқаруви органларидаги раҳбарлар ҳам бириктирилган. Бундай ёшларнинг бандлиги масаласига алоҳида урғу бериляпти, ҳунари ёки касби бўйича иш билан таъминлаш, тадбиркорлик ёки спорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратиш чора-тадбирлари кўриляпти, — деди пойтахт ҳокими ўринбосари.

Дурдона Раҳимованинг сўзларига кўра, Тошкентда ўқувчилар орасида синтетик гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш ҳолатлари ҳам кўпайиб боряпти.

«Афсуски, психотроп моддаларни истеъмол қилаётган мактаб ўқувчилари ҳам бор, буни инкор қилиб бўлмайди. Бу муаммонинг ижтимоий хавфини ҳисобга олиб, уни аниқлашдан қочмаслик керак, деб ўйлайман. Шу мақсадда мактабларда турли рейдлар ўтказиляпти, 10-, 11-синф ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари билан профилактик тадбирлар олиб бориляпти. Олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда талабалар ўртасида ҳам бундай ҳолатларни аниқлаш ишлари йўлга қўйилган», — деди у.

Ҳоким ўринбосарининг таъкидлашича, ётоқхоналарда яшайдиган талабаларга нисбатан эътиборни кучайтириш, уларнинг кечки пайт ётоқхонага ўз вақтида келиши ва дарсини қилиши устидан доимий назоратни йўлга қўйиш бўйича профилактик тадбирлар ҳам олиб бориляпти. Умуман, прокуратура, ички ишлар, Миллий гвардия, Ёшлар ишлари агентлиги, таълим муассасалари ва «маҳалла еттилиги» билан «ҳамкорликда мунтазам иш олиб бориляпти».

«Бу иллатга қарши курашиш, профилактика тадбирларидан ташқари ёшларни соғлом ривожлантирадиган, бўш вақтини мазмунли ўтказишга ёрдам берадиган платформа ва майдонларни ҳам кўпайтиришимиз керак. Уларни спорт, маданият, илм-фан, тадбиркорликка қанчалик кўп қизиқтира олсак, уларни маънавий жиҳатдан ҳам, жисмоний жиҳатдан ҳам шунчалик кўп банд бўлади», — деди Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Ҳакимова.

Аввалроқ Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази раҳбари Равшан Маматов Марказий Осиё минтақасида, хусусан, Ўзбекистонда ёшлар орасида «дорихона наркоманияси» ташвишланарли даражада кенг тарқалаётганини таъкидлаган эди.