Тошкент давлат аграр университетига Нарзулло Обломурадов ректор этиб тайинланди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
18 ноябрь куни вазирлик раҳбари Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигида Тошкент давлат аграр университетида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъуллари, университет профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Унда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Тошкент давлат аграр университетига ректор этиб тайинланган Нарзулло Обломурадовни жамоага таништирилди. Университетда шу вақтгача Соҳиб Исламов ректор вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритган.
Нарзулло Обломурадов 2024 йилнинг июнь ойида мазкур олийгоҳнинг ўқув ишлари бўйича проректори бўлиб ишлаб келаётганди. Шунингдек, 2023 йилда у Тошкент молия институти проректори бўлган.
Нарзулло Обломурадов (1975 йилда туғилган) 1996 йилда Тошкент Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини, 2000 йилда Бирмингем университетини (Буюк Британия) тамомлаган. Иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент.
Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон президентининг Халқ қабулхонаси фаолиятини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш бўлимига раҳбарлик қилган, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари (2020 йилда тайинланган), Ўзбекистон Экологик партияси раиси (2021 йилда сайланган) бўлган.
У 2021 йил октябрь ойида бўлиб ўтган сайловда Ўзбекистон президентлигига номзодини кўрсатган ва якунда 4,1 фоиз овоз олган. Ўша йилнинг декабрь ойида Давлат экология қўмитаси раиси бўлган.
2022 йил декабрь ойида Ўзбекистон вазирлик ва идоралари сони қисқартирилиб, қайта ташкил этилганидан сўнг у табиат ресурслари вазирининг ўринбосари этиб тайинланганди. Июнь ойида у бошқа ишга ўтгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.