19 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев иштирокидаги янги чақириқ Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида Сенат раиси ва унинг ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги ташкилий масала кўриб чиқилди. Унда Танзила Нарбаева Сенат раиси этиб қайта сайланди.

Сенат раиси президентнинг таклифига биноан палата тузилгандан кейинги биринчи мажлисда унинг аъзолари орасидан сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Ўтган йили янгиланган Конституцияга кўра, бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ раислик қила олмайди (Конституция янгилангандан кейин).

Конституциянинг 101-моддасига мувофиқ, президент Сенати раиси лавозимига сенатор Танзила Нарбаева номзодини тақдим этди ва сенаторлар томонидан сайланди.

«Танзила Нарбаева давлат ва жамоат бошқарувида бой тажрибага эга экани, ўтган даврда шу лавозимдаги самарали фаолияти натижасида мамлакатимизда хотин-қизлар, болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вазият сезиларли равишда яхшилангани таъкидланди», — дейилади хабарда.

Юқори палата раисининг биринчи ўринбосари лавозимига эса сенатор Содиқ Сафоев, ўринбосари лавозимига сенатор Аманбай Оринбаев номзодлари тавсия этилди ва улар ҳам сенаторлар томонидан сайланди.

Ўртада Содиқ Сафоев, чапда Аманбай Оринбаев.Фото: Президент матбуот хизмати.Ўртада Содиқ Сафоев, чапда Аманбай Оринбаев.
Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент уларга билдирилган юксак ишонч билан табриклаб, уларнинг келгуси фаолиятида ютуқ ва муваффақиятлар ёр бўлишини тилади.

«Ўзингиз бир тасаввур қилинг — 37 миллионлик халқдан фақатгина 65 нафар инсонга сенатор бўлишдек юксак шараф ва бахт насиб этди. Бу улкан ишонч ва масъулиятнинг қадрига етиш, уни ҳалол ва содиқ хизмат билан оқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Сизлар Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишга муносиб ҳисса қўшасизлар, халқчил ва адолатли қонунлар қабул қилиб, барчага ўрнак бўласизлар, деб тилак билдираман», — деди давлат раҳбари.

«Мен сиз, муҳтарам сенаторлар тимсолида ана шундай катта ишларга қодир, Ўзбекистон олдида турган стратегик вазифаларни чуқур англайдиган, Ватан ва халқ манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган фидойи инсонларни — ўзимнинг энг яқин маслакдошларимни кўраман. Сизлар бор билим ва тажрибангиз, куч ва имкониятингизни ишга солиб, мамлакатимиз ҳаётида, Сенат фаолиятида янги, ёрқин саҳифа очасиз, деб ишонаман», — деди президент мажлис якунида.

Танзила Нарбаева 1956 йилда туғилган. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини 1981 йилда тамомлаган. У 2019 йилда Олий Мажлис Сенати раиси лавозимига сайланганди (2020 йил январь ойида қайта сайланган).

Ундан аввал 15 йил Вазирлар Маҳкамаси ходими, 6 йил Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси, шунингдек деярли 3 йил давомида Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритган.

Содиқ Сафоев 1954 йилда туғилган. У ҳозирги Миллий университетни тамомлаган, 2016 йилда Сенатда янги таъсис этилган раиснинг биринчи ўринбосари лавозимига тасдиқланган.

У турли йилларда ташқи ишлар вазири, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси, президентининг давлатлараро муносабатлар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси, Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси бўлган.

Аманбай Оринбаев 2022 йилнинг августида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, кўп ўтмай Сенат аъзолигига сайланган.

У 2022 йилнинг март ойи бошидан июль охирига қадар Қорақалпоғистон ИИВ раҳбари лавозимида ишлаган. Июль ойи бошида республикада юз берган намойишлардан сўнг у ўз лавозимидан озод қилинган ва Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. Август ойи бошларида у ўз номзодини Жўқорғи Кенгеснинг бўшаб қолган ўринларига қўйди ва 21 август куни депутат сифатида сайланганди.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча янги чақириқ Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий мажлисида палата спикери лавозимига яширин овоз бериш йўли билан ХДП депутати Нуриддин Исмоилов қайта сайланганди.