Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 20 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисида ҳукумат томонидан Қонунчилик палатасига киритиладиган қонун лойиҳалари сифатини ошириш бўйича топшириқ берди.
Давлат раҳбари келгуси беш йилга мўлжалланган вазифаларни амалга оширишда янги ҳукумат ва парламент қуйи палатаси ўртасидаги самарали ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.
Унга кўра, ижро ҳокимияти органлари фаолиятини халққа яқинлаштириш зарур. У давлат институтлари халққа хизмат қилиши керак, аксинча эмас, деди ва уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш зарурлигини эслатди. Бу талаб барча бошқарув ходимлари фаолиятининг асосий мезонига айланиши керак.
Қабул қилинаётган қонунлар ишлаши, одамлар ҳаётида сезиларли ўзгаришларга олиб келиши керак, деди давлат раҳбари.
Қонунлар ижроси Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмиталари ва масъул ижро ҳокимияти органлари ўртасида ҳамкорликда ўрганилиши керак.
Президент ижро этувчи ҳокимият органлари қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлиги ва асосланганлигини таъминлаши зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев сўнгги пайтларда қонуности ҳужжатлари лойиҳаларини муҳокама қилишда қонунларда белгиланган талабларга доим ҳам амал қилинмаётганидан норозилигини билдирди.
Адлия вазирлигига бир ой муддатда бу масала бўйича таклифларни Қонунчилик палатасининг тегишли қўмитаси билан бирга муҳокама қилиш ва ҳукуматга киритиш топширилди.
Ҳукуматнинг қонунчилик ташаббуси билан Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари сифатини ошириш ҳам долзарб масала бўлиб турибди.
«Даврнинг ўткир талабларига жавоб берадиган, сифатли, амалиётда самарали ишлайдиган қонунларни қабул қилиш Олий Мажлиснинг энг муҳим вазифаси, керак бўлса, унинг обрўсидир. Бу борада таниқли хитой файласуфи Шан Яннинг „Яхши қонун — халққа ҳурмат ифодасидир“, деган сўзларини эслаш ўринли, деб ўйлайман. Ҳар бир қонунда шундай ҳурмат намоён бўлиши керак. 100 та эмас, 5 та қонун қабул қилайлик, лекин халқчил бўлсин, халқимизга хизмат қилсин», — деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Ўзбекистонда барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини мажбурий жамоатчилик муҳокамасига қўйиш талаби киритилган эди. Бироқ 2022 йил март ойида президент фармони билан бу талаб ўзгартирилган. «Барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари» сўзлари «муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, қоида тариқасида» деган сўзлар билан алмаштирилган. Яъни муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар ҳам муҳокама учун эълон қилинмаслиги мумкин.