Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучлари салоҳиятини оширишга эътибор кучайтирилишини таъкидлади. Бу ҳақда у Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури муҳокамасига бағишланган мажлисида гапирди, дея хабар берди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида бугун бутун дунё ниҳоятда нотинч ва таҳликали бўлиб турган вазиятда давлат мустақиллиги ва суверенитетини, халқнинг тинч ва эркин ҳаётини энг бебаҳо бойлик сифатида асраш ва ҳимоя қилиш энг муҳим вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.

«Ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур: мамлакатимиз хавфсизлиги, юртимиз мудофааси нафақат Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, балки Ўзбекистонни ўзи учун она ватан деб биладиган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча инсонларнинг муқаддас бурчидир. Бунинг учун ягона ватан, кўп миллатли ягона аҳил оила туйғуси ҳар биримизнинг қалбимиз, юрагимиздан чуқур жой олиши лозим», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев дунёда турли хатар ва таҳдидлар авж олиб бораётган ҳозирги шароитда Қуролли Кучларнинг жанговар ва маънавий салоҳиятини оширишга эътибор янада кучайтирилишини қайд этди.