Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Абдулла Нигматович Арипов Ўзбекистон бош вазири лавозимига тасдиқланди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев бу лавозимга Абдулла Арипов номзодини тақдим этаркан, «уни катта ташкилотчилик салоҳиятига эга бўлган, ижро ҳокимияти тизимида бой билим ва тажриба орттирган, масъулиятни доимо чуқур ҳис этадиган раҳбар» дея таърифлаганди.

Депутатлар бош вазир лавозимига кўрсатилган Абдулла Арипов номзодини кўриб чиқди. Номзод Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастурини тақдим этди.

Депутатлар ва фракциялар раҳбарлари сўзга чиқиб, номзод ва дастур юзасидан ўз фикрларини билдирди. Номзод ва ҳукуматнинг дастури кўриб чиқилгач, бош вазир лавозимига номзодни маъқуллаш масаласи овоз беришга қўйилди.

Яширин овоз бериш йўли билан депутатлар Абдулла Ариповни Ўзбекистон бош вазири лавозимига маъқуллади.

Абдулла Арипов (1961 йилда туғилган) 2016 йил декабрь ойида Ўзбекистон ҳукуматига раҳбар бўлган эди. 10 йилдан ортиқ муддат — 2002 йил майдан 2012 йил августгача бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган. Бунга параллел равишда 2005−2009 йилларда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигини бошқарган.

2016 йилнинг сентябрь ойида мамлакатга янги президент сайланганидан кейин Абдулла Арипов ҳукуматга бош вазир ўринбосари ва Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплекси раҳбари сифатида қайтди.

2019−2020 йиллардаги депутатлик сайловларидан сўнг Арипов яна бош вазир этиб тасдиқланган.