Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 4-ГЭС яқинида эркак кишининг жасади топилди, деб хабар берди «Газета.uz»га Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Хабарда таъкидланишича, 12 ноябрь куни воқеа гувоҳи 102 рақамига қўнғироқ қилиб, Чилонзор тумани Бешёғоч маҳалласидан оқиб ўтувчи Анҳор каналига эркак киши чўкиб кетгани ҳақида хабар берган.

Туман ИИБ тезкор-тергов гуруҳи ва ФВВ ходимлари воқеа жойига бориб, чўкиб кетган шахсни қидиришга киришган. Терговдан олдинги текширув учун материаллар тўпланган.

Эртаси куни, 13 ноябрь куни Учтепа тумани ички ишлар бўлимига бир аёл мурожаат қилган. У 2000 йилда туғилган ўғли 11 ноябрь соат 15:30 атрофида уйдан чиқиб кетиб, ғойиб бўлганини маълум қилган ва уни топишда ёрдам сўраган.

Чилонзор тумани ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган маълумотларга кўра, 20 ноябрь куни бедарак йўқолган эркакнинг жасади Бешёғоч кўчаси, 4-ГЭС ҳудудидаги сувдан топилган.

Терговга қадар текширув материаллари Учтепа туман прокуратурасига топширилган.