Фарғона вилояти Данғара туманида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вояга етмаган қиз ҳалок бўлди. Ҳайдовчига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди, дея хабар берилди «Zamon» кўрсатувида.
4 июнь куни Қўқон-Тошкент йўналишининг 9-километрида Lacetti йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган Damas`нинг орқа қисмига бориб урилган.
Воқеа тафсилотларига кўра, Lacetti ҳайдовчиси С. таниши Ҳ. билан биргаликда Ангрендан водийга қайтаётган бўлган. Ярим йўлда машина бошқарувини Ҳ. олган ва автомобилни соатига 130 километр тезликда ҳайдаб кетган.
Бунинг оқибатида машина фуқаро А. бошқарувида бўлган Damas автомобилининг орқа томонига зарб билан урилган. Оқибатда иккала машина ҳайдовчилари ва йўловчилари, жами 4 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.
Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай Damas салонида бўлган вояга етмаган қиз шифохонада вафот этган.
Ҳолат юзасидан ўтказилган суд ишида айбланувчи Ҳ. айбига қисман иқрор бўлиб, жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплай олмаслиги тўғрисида кўрсатма берган.
Қайд этилишида, суд жараёнида айбланувчи Ҳ. ўз айбига қисман иқрор бўлиб, жабрланувчиларга келтирилган моддий ва маънавий зарарни қоплай олмаслигини айтган. Суд жабрланувчиларга жами бўлиб 113 миллион сўм миқдорда зарарни ундиришни белгилади.
Судланувчи Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида кўзда тутилган жиноятни содир этган деб топилиб, 3 йил автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди ва 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди.