АҚШнинг Киевдаги элчихонаси 20 ноябрь куни «эҳтимолий ҳаво ҳужуми» ҳақида огоҳлантириш эълон қилди. Унда айтилишича, эҳтимолий ҳужум ҳақида «аниқ маълумот» олинган. Эҳтиёт чораси сифатида элчихона ёпилган.

АҚШ фуқароларига ҳаво тревогаси эълон қилинган тақдирда, дарҳол яширинишга тайёргарлик кўриш тавсия этилади.

Киевдаги Испания, Италия (ташриф буюрувчиларни учун ёпиқ) ва Греция элчихоналари ҳам «ҳаво ҳужумлари хавфи юқорилиги» сабабли ёпилганини эълон қилди. Элчихона мамлакатда яшовчи испанияликларга юборган электрон хатида маҳаллий ҳокимиятнинг барча тавсияларига амал қилиш ва бошпана яқинида бўлишни тавсия қилган.

АҚШ элчихонасидаги манбаларнинг «Суспільне» телеканалига айтишича, дипломатик миссиянинг ёпилиши Москванинг ядровий риторикасининг кучайиши билан эмас, балки дронлар ва ракеталарнинг қўшма зарбаси таҳдиди билан боғлиқ.

Кремль эҳтимолий зарба ҳақидаги маълумотларга изоҳ беришдан бош тортди. Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, «бу масала махсус ҳарбий операциянинг бориши билан боғлиқ» ва Россия Мудофаа вазирлигининг ваколатига киради.

Сўнгги ҳафталарда Россия қўшинлари Украина шаҳарларининг инфратузилмасига ҳужумларни яна кучайтирди. Ракета ва дронлар зарбалари Киев, Одесса ва бошқа шаҳар ва ҳудудларга қаратилмоқда. Сўнгги вақтлардаги энг кучли зарбалардан бири 17 ноябрь куни берилган, ўшанда Россия қўшинлари, Украина президенти Владимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, 120 та ракета ва 90 та дронни учириб, энергетика объектларини нишонга олган.