Президент Шавкат Мирзиёев 2030 йилгача Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажмини 200 млрд долларга етказиш мумкинлигига ишонч билдирди. Бу ҳақда у Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури муҳокамасига бағишланган мажлисида гапирди, дея хабар берди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 160 млрд долларга етказиш мақсад қилиб қўйилган. 17 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишдан сўнг Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов 2030 йилга бориб Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотини 160 эмас, 200 млрд долларга етказиш режалаштирилаётганини маълум қилганди.

Президент дастлаб бунга айримлар шубҳа ёки иккиланиш билан қарагани, лекин ўз вақтида зарур чора-тадбирлар амалга оширилгани, барча имкониятлар ишга солингани туфайли бу йилнинг ўзида ялпи ички маҳсулот ҳажми 110 млрд долларга етиши кутилаётганини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев янги ҳукумат, барча раҳбарлар биргаликда қаттиқ ишлаб, ислоҳотлар шиддатини пасайтирмасдан, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётдаги ўзгаришларни жадал давом эттирса, 2030 йилга бориб, иқтисодиёт ҳажмини 200 млрд долларга етказиш мумкинлигига ишонч билдирди.

«Яна бир бор айтаман, бундай натижаларга эришиш учун куч ва имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади!», — деди президент.