Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида ҳукуматнинг ўтган беш йиллик фаолиятига баҳо бериб, узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган устувор вазифаларни эълон қилди. Мулоқотдан парчалар давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадовнинг Telegram`даги каналида эълон қилинди.

Кун тартибида Абдулла Ариповнинг бош вазир лавозимига номзодлиги ва Вазирлар Маҳкамасининг келгуси беш йилга мўлжалланган ҳаракатлар дастури кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари нутқи аввалида Ўзбекистон ўз олдига қўйган стратегик ва жорий вазифаларни амалга оширишда барча бўғиндаги ижро органлари, аввало, ҳукумат ва унинг раҳбари зиммасидаги масъулият ҳозирги мураккаб замонда ҳар қачонгидан ҳам ортиб бораётганини таъкидлади.

Президент бугун мутлақо янги ваколат ва вазифаларга эга бўлган ҳукумат шаклланаётганини қайд этди.

Буни Конституция даражасида биринчи марта камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, инвестиция, экология каби муҳим йўналишларда Вазирлар Маҳкамасининг мажбуриятлари белгилаб қўйилгани ҳам тасдиқлайди, дейилади хабарда.

«Халқимиз бугун ана шундай ҳал қилувчи масалалар бўйича янги Ҳукуматдан аниқ натижаларни кутмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ютуқлар

Суратда чап томонда Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, ўнгда Президент администрацияси.Суратда чап томонда Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, ўнгда Президент администрацияси.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон иқтисодиёти 2 карра ўсиб, 100 миллиард долларлик тарихий маррадан ошди. Аҳоли жон бошига даромад 3 минг долларга етиши кутилмоқда (2018 йилда — 1 минг 600 доллар бўлган).

Хусусан, Жаҳон банки 2024 йилда Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиёда иқтисодиёти энг тез ўсаётган 3 та давлат қаторидан жой олганини эътироф этди.

Камбағаллик даражаси сўнгги 4 йилда 23 фоиздан 11 фоизга тушди. Бу йил 9 фоизгача тушиши кутилмоқда.

«Экспорт қарийб 2 баробар ўсиб, илк бор 25 млрд доллардан, олтин-валюта захираларимиз эса 40 млрд доллардан ошди. Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми 6 карра кўпайиб, бунинг ҳисобига 1,5 миллионта юқори даромадли иш ўринлари яратилди. Ялпи ички маҳсулотда инвестициялар улуши 30 фоиз даражасида таъминланди», — деди президент.

Давлат раҳбарининг айтишича, олдин тўлиқ давлат тасарруфида бўлган соҳалар, яъни, энергетика, кимё, авиация, геология, металлургия, машинасозлик, таълим ва тиббиётда хусусий секторга ва давлат-хусусий шериклик муносабатларига кенг йўл очилгани уларнинг ривожида кучли омил бўлмоқда.

Айниқса, энергетика соҳасида том маънода тарихий ишлар амалга оширилмоқда. Ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ҳажми 1,5 карра ўсиб, 83 млрд киловатт-соатга етгани ҳам буни яққол кўрсатиб турибди.

Сўнгги уч йилда умумий қуввати 2,7 млн киловатт-соат бўлган 10 та йирик қуёш ва шамол станциялари ишга туширилди. Муқобил энергия улуши ўтган йилга нисбатан 3 баробар кўпайди.

Президент ижтимоий соҳада муҳим ўзгаришлар рўй берганини таъкидлади. Ўтган даврда 25 мингдан зиёд хусусий боғча, 70 га яқин нодавлат олийгоҳи ташкил этилиб, қамров мактабгача таълимда — 74 фоиздан, олий таълимда эса — 39 фоиздан ошди.

Барча ҳудудларда «Инсон марказлари» очилиб, ижтимоий ходимлар томонидан бевосита маҳаллаларда аҳолига 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди.

Парижда бўлиб ўтган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчилар рекорд натижаларни қайд этиб, жами 39 та медаль, жумладан, 18 та олтин медални қўлга киритди.

«Ўзбекистон тарихида илгари ҳеч қачон бўлмаган бундай ютуқлар барчамизга янги куч-ғайрат бахш этиши табиийдир», — деди давлат раҳбари.

Келгуси беш йил учун мақсадлар

абдулла арипов, вазирлар маҳкамаси, шавкат мирзиёев, ҳукумат

Президент жаҳон миқёсида ҳукм сураётган бугунги ўта кескин ва оғир шароитда Ўзбекистонда тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлаб, иқтисодиётда барқарор ўсишни таъминлаб, мана шундай марраларга эришиш осон бўлмаганини таъкидлади.

Келгуси 5 йилда аҳоли сони 40 миллиондан ортиши кутилмоқда. Бундай демографик ўсиш, албатта, катта имконият, лекин, шу билан бирга бу ҳолат олдимизга янги-янги, ўткир вазифаларни қўйиши ҳам шубҳасиз.

Айниқса, камбағалликни қисқартириш, экология, энергетика, транспорт, йўл, ичимлик суви таъминоти, аҳолини уй-жой билан таъминлаш каби муҳим соҳаларда халқимизнинг талаб ва эҳтиёжлари тобора ўсиб бораётгани таъкидланди.

«Шундай долзарб муаммоларга самарали ечимлар топиб, янгича фаолият олиб бориш Ҳукумат учун жиддий синов бўлиши табиий», — деди давлат раҳбари.

Президент бугун кўрсатилган ва тасдиқланган бош вазир лавозимига номзод Абдулла Арипов ана шу масалаларнинг барчасини инобатга олиб, уларни амалга ошириш дастурини тақдим этиши кераклигини таъкидлади.

Иқтисодий кўрсаткичлар

«Ўзбекистон-2030» стратегиясида ҳукумат олдига яқин йиллар учун катта марралар белгилаб қўйилган.

Хусусан, мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 160 млрд долларга етказиш мақсад қилиб қўйилган.

Президент дастлаб бунга айримлар шубҳа ёки иккиланиш билан қарагани, лекин ўз вақтида зарур чора-тадбирлар амалга оширилгани, барча имкониятлар ишга солингани туфайли бу йилнинг ўзида ялпи ички маҳсулот ҳажми 110 млрд долларга етиши кутилаётганини таъкидлади.

«Янги ҳукумат, барча раҳбарлар биргаликда қаттиқ ишлаб, ислоҳотлар шиддатини пасайтирмасдан, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётимиздаги ўзгаришларни жадал давом эттирса, 2030 йилга бориб, иқтисодиёт ҳажмини 200 млрд долларга етказиш мумкинлигига ишонч билдирилди», — дея ҳисоблайди у.

«Яна бир бор айтаман, бундай натижаларга эришиш учун куч ва имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади!» — деди президент.

Давлат раҳбари ҳукумат фаолиятининг энг муҳим йўналишларини белгилаб берди.

Аввало, макроиқтисодий мувозанатни сақлаб, келгуси беш йилда иқтисодий ўсиш суръатини 6−7 фоиз атрофида таъминлаш зарур. Бунда инфляция даражаси 5−6 фоиз, бюджет тақчиллиги 3 фоиз доирасида бўлишига эришиш, йиллик кредитлаш ҳажмини 30 млрд долларга олиб чиқиш асосий вазифа бўлади.

Ушбу даврда ҳукумат камида 100 млрд долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштиришга ҳамда йиллик экспорт ҳажмини 45 млрд долларга олиб чиқиб, унда тайёр маҳсулотлар улушини 50 фоизга етказишга эришиши лозимлиги таъкидланди.

Хорижий туристлар оқимини 5 йилда 15 млн нафарга, туризм хизматлари экспортини 5 млрд долларга олиб чиқиш учун барча имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу билан бирга норасмий иқтисодиётни «соядан чиқариш»да рақамли технологияларни таянч воситага айлантириш лозим. Хусусан, келгуси йилда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни янада рағбатлантириб, онлайн тўловлар улушини 60 фоизга етказиш муҳим вазифа бўлади.

Президент Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида асосий чора-тадбирлар амалга оширилгани ва яқин йилларда ушбу ташкилотга албатта аъзо бўлиб киришни қайд этди.

«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури

абдулла арипов, вазирлар маҳкамаси, шавкат мирзиёев, ҳукумат

Бу йил Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор, Ғиждувон туманларида «Камбағалликдан фаровонлик сари» комплекс дастури қабул қилинган. Эндиликда кўп қиррали ёндашувлар асосида камбағал оилаларнинг аъзоларига сифатли таълим бериш, уларни касбга ўқитиш, иш билан таъминлаш, соғлиғини яхшилаш, психологик ёрдам кўрсатиш бўйича индивидуал кўмак бериш пакетлари бўлиши белгиланди.

2025 йилда 1 млн аҳолини камбағалликдан чиқариш Вазирлар Маҳкамаси иқтисодий комплексининг асосий вазифаси этиб белгиланади.

Шу мақсадда камбағал оилалар болалари мактабларда чет тили, касб-ҳунар ва IT бўйича бепул билим олиши учун 500 млрд сўм ажратилади. Ижтимоий аҳволи оғир 1 мингта маҳаллада инфратузилмани яхшилаш дастури амалга оширилади. Бунга 2 трлн сўм йўналтирилади.

Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга жами 46,5 трлн сўм маблағ сарфланади.

Ҳукумат, шунингдек, 2030 йилгача ишсизликни халқаро эътироф этилган даража — 5−6 фоиздан оширмаслик бўйича долзарб вазифаларни ҳам самарали ҳал этиши лозимлиги таъкидланди.

Саноат

Президент иқтисодиёт ва аҳоли даромадларини ўстиришда юқори қўшилган қиймат яратадиган саноат тармоқларига алоҳида аҳамият қаратиш кераклигини қайд этди.

Вазирлар Маҳкамасининг инвестиция комплекси келгуси йилда иқтисодиётимиз учун муҳим бўлган 300 дан зиёд йирик лойиҳани ишга тушириши ва тўлиқ қувватлар билан ишлашини таъминлаши зарур.

Хусусан, «Ёшлик-I» конида биринчи босқичга, «Мурунтов» конида эса кейинги босқичларга старт берилади. Шунингдек, Самарқандда йилига 910 минг тонна минерал ўғитлар ишлаб чиқарадиган комплекс, 600 минг тонна маҳсулот берадиган металлургия корхонаси, Зарафшонда каустик сода заводи, Нукусда иситиш тизимлари ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилади.

«Навоийда микро-ГЭСларни барпо этиш бўйича барча босқичлар ўз ресурсларимиз асосида ташкил қилингани юртимизда саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш имкониятларини тўлиқ ишга солиш учун барча шароитлар мавжудлигини кўрсатди», — деди Мирзиёев.

Шунинг учун, саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш бўйича катта дастур қабул қилиниши белгиланди.

Иқтисодиётни энергия ресурслари билан ишончли таъминлаш ва энергия самарадорлигини 2 карра оширишга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Хусусий сектор улушини ошириш ва давлат ролини камайтириш

абдулла арипов, вазирлар маҳкамаси, шавкат мирзиёев, ҳукумат

Келгуси беш йилда иқтисодиётда хусусий секторнинг улушини 85 фоизга етказиш ҳам асосий вазифалардан бири сифатида белгиланди. Бу борада 2 мингта корхонада давлат улушини, 5 мингдан зиёд кўчмас мулк объектини сотиш, 16 та йирик мажмуа акцияларини IPOга чиқариш талаб этилади.

Ҳукумат 30 млрд долларлик хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишни таъминлаши керак. Вазирлар Маҳкамаси 2025 йилда «тежамкорлик ва барқарорлик» тамойили асосида давлат компанияларини трансформация қилишни тезлаштириб, уларнинг харажатларини 15−20 фоизга қисқартириши зарур.

Бу борада 1 млрд долларлик 18 та давлат компаниясининг улуши берилган Миллий инвестиция жамғармаси фаолиятини самарали йўлга қўйиш лозим.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги

Президент аҳоли сони кўпайиб бораётган ҳозирги шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.

Бу борада қишлоқ хўжалигининг барча тармоқлари, аввало, мева-сабзавотчиликни интенсив ривожлантириш, янги уруғ навларини яратиб, импортни 50 фоизга қисқартириш бўйича дастурлар бор.

Ҳукумат бу дастурлар ижросини таъминлаб, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни 1,3 баробар ошириш, ҳар гектар ердан олинадиган ўртача даромадни 5 минг долларга етказиш, соҳада экспорт ҳажми 10 млрд доллардан иборат бўлиши, сув тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ер майдонларини 2 карра ошириш бўйича ишни самарали ташкил этиши зарур.

Янги йилда сув тежайдиган технологияларни жорий қилишга 5 трлн сўм, каналларни бетонлашга 800 млрд сўм йўналтирилади.

Соғлиқни сақлаш, таълим ва спорт

Президент таъкидлаганидек, соғлиқни сақлаш, таълим ва спортни ривожлантириш бўйича катта дастурларни самарали ва тўлиқ амалга ошириш — ҳамиша ҳукуматнинг кун тартибида туриши керак бўлган асосий вазифалардир.

Энг аввало, ўртача умр кўриш даражасини 78 ёшга етказиш учун бирламчи тиббий хизматларнинг аҳоли учун қулайлиги ва сифатини ошириш зарур. Хусусан, 2025 йилда бирламчи бўғинда 3 млн 700 минг нафар аёлни скринингдан ўтказиш, бу жараённи рақамлаштириш орқали саратон касалини эрта аниқлаш кўрсаткичини 85 фоизга етказиш мумкинлиги таъкидланди.

Ҳукумат маҳаллалардаги 18 мингта тиббиёт бригадаларини ўқитиш, 884 минг нафар беморни уй шароитида реабилитация билан қамраб олиш бўйича янги тизимни жорий этади. Шу билан бирга туғруқхоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 100 млн доллар йўналтирилади.

Давлат тиббий суғуртаси ва аҳолига «кафолатланган пакет» асосида тиббий ёрдам кўрсатиш тизими келгуси уч йилда барча шаҳар, туман ва қишлоқлар қамраб олиниши зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш каби масалалар бўйича ҳукумат алоҳида дастурлар ишлаб чиқиши лозим.

Келгуси йилларда боғчаларда қамровни 80 фоизга, олийгоҳларда эса камида 50 фоизга етказиш ҳукумат учун асосий вазифа бўлиб қолади.

Халқаро молия институтларининг 61 млн доллар маблағлари ҳисобидан 2025 йилда 252 та янги боғча барпо этилади. Шунингдек, 174 та боғча ва 379 та мактаб таъмирланади ва янгитдан қурилади. Бу мақсадлар учун бюджетдан 4 трлн сўм ажратилади.

Тадбиркорларга мактаб қуриш учун 20 млрд сўмгача имтиёзли кредит берилади.

Ҳукумат ва парламент ўртасидаги ҳамкорлик

абдулла арипов, вазирлар маҳкамаси, шавкат мирзиёев, ҳукумат

Президент айтилган долзарб вазифаларни бажаришда янги ҳукуматнинг Қонунчилик палатаси билан янада самарали ҳамкорлик олиб бориши муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди ва шу нуқтаи назардан Вазирлар Маҳкамаси олдида турган устувор вазифаларни белгилаб берди.

«Авваламбор, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини одамларга янада яқинлаштириш лозим», — деди у.

Шавкат Мирзиёев халқ давлат идораларига эмас, аксинча, давлат ташкилотлари халққа, унинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши зарур, деган талаб барча раҳбар кадрлар фаолиятининг асосий мезони эканини эслатди.

Қонун қабул қилиндими, у албатта ишлаши, одамлар ҳаётида сезиларли ўзгариш қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Қонунлар ижроси Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмитаси ва масъул ижро этувчи орган билан биргаликда ўрганиб борилиши муҳим аҳамиятга эга.

Президент ижро этувчи ҳокимият органлари қарорлар қабул қилишда қонунийликни, уларнинг асосланган бўлишини таъминлаши лозимлигини айтди.

Президент ўз нутқини якунлар экан, белгиланган вазифалар ижроси янги ҳукуматдан юксак масъулият, самарали бошқарув ва ҳар томонлама фидойиликни талаб қилишини алоҳида таъкидлади. Шавкат Мирзиёев барча даражадаги давлат ҳокимияти органларининг мувофиқлаштирилган фаолияти кўзланган мақсадларга эришиш, фуқароларнинг турмуш даражасини юксалтириш, Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги мавқеини мустаҳкамлаш имконини беришига ишонч билдирди.