Нью Йорк ҳукумати 22 йил ичида биринчи марта қурғоқчилик ҳақида огоҳлантириш эълон қилди, деб хабар бермоқда Washington Post. У шаҳарнинг ўзига ва штатнинг 15 округига, асосан, Гудзон дарёси водийсига ёйилади.

Нью Йорк маъмурияти аҳоли ва корхоналарни сувни кўнгилли равишда тежашга чақирди. Шаҳар мэри Эрик Адамс коммунал хизматларга унинг истеъмолини камайтириш, жумладан, автобус ва метро вагонларини камроқ ювиш ва фавворалар учун сув беришни чеклаш бўйича кўрсатма берди.

Қурғоқчилик ҳақида огоҳлантириш қурғоқчилик пайтида сувни тежаш учун ҳукумат томонидан жорий этилган учта даражадан иккинчисидир. Огоҳлантиришдан кейин табиий офат эълон қилиниши мумкин, бу эса сувдан фойдаланиш бўйича мажбурий чекловларга олиб келади.

Washington Post нашрининг таъкидлашича, кузнинг кўп қисмида АҚШнинг деярли барча ҳудудларида ноодатий қуруқ об-ҳаво кузатилади. Бунинг оқибатлари, айниқса, шимоли-шарқда яққол кўзга ташланмоқда. У ерда рекорд даражадаги қурғоқчилик даври ва ғайритабиий юқори ҳарорат сув омборларидаги сув сатҳининг пасайишига ҳамда Нью Йорк ва Нью Жерсида ўрмон ёнғинларининг келиб чиқишига сабаб бўлди.