Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 20 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисида ҳукуматга парламент қуйи палатаси билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.
Ҳукумат, вазирлик ва идоралар, ҳудудлар раҳбарлари депутатлар томонидан жойларда аниқланган муаммоларни ҳал этишда қуйи палата қўмиталари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишлари лозимлиги таъкидланди.
Лекин ҳозирги вақтда турли соҳаларда назоратни таъминловчи давлат инспекцияларнинг Қонунчилик палатаси қўмиталари билан ҳамкорлик тизими йўлга қўйилмаган. Шу боис уларнинг ҳисоботларини қўмиталарда муҳокама қилиб бориш бўйича янги, таъсирчан тизим жорий этиш муҳим, деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев бу иш самарали бўлиши учун вазирлик ва идораларда раҳбар ўринбосарларини қуйи палата қўмиталари билан доимий ҳамкорлик учун масъул этиб бириктиришни таклиф қилди.
У парламент ва ҳукумат ўртасидаги муносабатлар қарама-қаршиликка эмас, конструктив мулоқотга асосланиши кераклигини эслатди.
Афсуски, парламент сўрови, депутат сўровига юзаки ёндашиб, унга енгил-елпи муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди, деди у.
«Бу борада барча раҳбарлар масъулият ва жавобгарликни тўлиқ ҳис этиши лозимлиги, ушбу масалага беписанд қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги таъкидланди. Парламент ва депутат сўровларига жавоб аниқ ва мазмунли бўлиши, сўров кимга йўлланган бўлса, шахсан шу раҳбар томонидан жавоб берилиши шарт», — дея президент сўзларини келтиради унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Ушбу йиғилишда Президент аввалги ҳукумат ишига баҳо бериб, депутатлар томонидан тасдиқланганидан сўнг учинчи марта ҳукумат раҳбари лавозимига киришган бош вазир Абдулла Ариповнинг келгуси беш йилдаги устувор вазифаларини белгилаб берди. Улар орасида 2030 йилгача ЯИМни 160 млрд долларга етказиш, инфляцияни 5−6 фоизда ушлаб туриш, 1 млн аҳолини камбағалликдан чиқариш, ижтимоий соҳада ислоҳотлар ўтказиш ва бошқалар бор.
Аввалроқ у Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати олдига қўйилган вазифаларни ҳам айтиб ўтган эди.