Бир вақтлар Польша пойтахти Варшава ҳам ҳайдовчилар, ҳам пиёдалар учун Европанинг энг хавфли шаҳарларидан бири сифатида танилганди. Аммо сўнгги ўн йил ичида маҳаллий ҳокимият йўл-транспорт ҳодисаларидан ўлимни 55 фоизга камайтиришга муваффақ бўлди. «Газета.uz» Польшанинг пойтахти қандай қилиб бундай муваффақиятга эришгани ҳақидаги Bloomberg материалини қайта ҳикоя қилади.
2023 йилда Варшава кўчаларида 29 киши ҳалок бўлган, улардан 11 нафари пиёдалардир. Бу 1980-йилларда статистик маълумотларни йиғиш бошланганидан бери шаҳар тарихидаги энг паст ўлим кўрсаткичидир. Таққослаш учун, барча кузатувлар тарихида энг кўп бахтсиз ҳодиса қайд этилган 1991 йилда ЙТҲ туфайли 314 киши ҳалок бўлган.
Агар шаҳар аҳолиси зичлигини (тахминан 2 миллион киши) ҳисобга олсак, Варшава кўчалари энди Европа Иттифоқининг аксарият мамлакатларига қараганда сезиларли даражада хавфсизроқ — миллион аҳолига атиги 15 та ўлим, деб ёзади Bloomberg.
Варшавада йўл хавфсизлигини ошириш ва Vision Zero мақсадларига эришиш (1997 йилда Швецияда қабул қилинган ва кейинчалик бутун дунё бўйлаб тарқалган ЙТҲда «ноль жароҳат» концепцияси) кўчалардаги ўзгаришлар ва қонунчилик ислоҳоти туфайли амалга оширилди.
2021 йилда Польшада пиёдаларга ўтиш жойларида автоматик тарзда устуворлик бериш ва қоидабузар ҳайдовчилар учун жарималарни 5000 злотийгача (тахминан 1250 доллар) ошириш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Бу ойига ўртача 6500 злотий (тахминан 1550 доллар) маош оладиган мамлакат учун жиддий жазо, деб таъкидлайди Bloomberg.
Яна бир муҳим чора-тадбир 2016 йилда Варшаванинг пиёдалар ўтиш жойларини ўрганиш бўлди. Улардан 400 таси (умумий соннинг тахминан 10 фоизи) алоҳида хавф туғдирувчилар сифатида белгиланди. Ўшандан бери шаҳар ҳар йили уларни модернизация қилиш учун 40 миллион злотийгача (тахминан 10 миллион доллар) маблағ сарфлайди: у ерда ёритиш тизими яхшиланади, кўтарма ажратувчи полосалар ва ҳалқасимон ечимлар татбиқ этилади.
Автотранспорт тезлигини пасайтириш ва пиёдалар ўтиш жойларининг кўринувчанлигини ошириш учун шаҳар ҳокимияти кўпроқ «ётиқ полициячи»ларни ўрнатди ва йўл четидаги парковкаларни олиб ташлади.
Польша шаҳарларидан бирида Vision Zero`ни жорий этиш тажрибасига эга бўлган Варшава йўл хўжалиги департаменти директори ўринбосари Томаш Тошанинг режаларида баъзи кўчаларни торайтириш ва тезлик чекловларига риоя қилишни янада пухта назорат қилиш мавжуд. Жамоат транспорти ҳаракати ва велойўлаклар қурилиши яхшиланиши билан автомобилга муқобиллик пайдо бўлиши кутилмоқда. Бундан ташқари, шаҳар келгуси тўрт йил ичида модернизацияга инвестицияларни икки баравар оширишни режалаштирмоқда.
Bloomberg шарҳида Тоша асосий муаммо дея тезликни кўраётганини таъкидлайди. «Амалда ишлайдиган ягона нарса — фан. Агар биз ўлим ҳолатлари асосан кинетик энергия туфайли содир бўлишини билсак, унда кинетик энергияни камайтириш керак».
Шаҳарда ҳозирча тезликни назорат қилувчи камералар йўқ, чунки уларни ўрнатиш учун Польша ҳукуматининг рухсати керак. Варшава мэри Рафал Тшасковский бу ҳолатни танқид қилган. «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида самарали ишлашни истасак, бунинг учун бизда махсус воситалар бўлиши керак. Хавфсизлик — устувор вазифа», — деб ёзган у X`га ҳайдовчи тезликни ошириб юбориши оқибатида содир бўлган бахтсиз ҳодисада бир киши ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарга жавоб бераркан.
Машиналарни хавфли ҳайдаш амалиётига қарши курашишда шаҳар ҳокимияти олдида кўп ишлар турибди, деб таъкидлайди Bloomberg. Шундай қилиб, мартдан апрелгача Варшава полицияси 1000 дан ортиқ маст ҳайдовчини тўхтатди, яна 120 киши гиёҳванд моддалар таъсирида бўлган, 800 киши ҳайдовчилик гувоҳномасисиз ҳаракатланган ва 300 дан ортиқ кишига ҳайдаш тақиқланган бўлган.
«Одамлар машина ҳайдар экан, тўқнашувлар муқаррар. Аммо ҳеч бир ўлим, ҳатто йўл-транспорт ҳодисаларида бўлса ҳам, ахлоқий нуқтаи назардан қабул қилиб бўлмасдир», — дейди Тоша.