Шавкат Мирзиёев 2025-йилни «Атроф-муҳитни асраш ва „яшил“ иқтисодиёт йили» деб эълон қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда президент Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури муҳокамасига бағишланган мажлисда маълум қилди.

Йиғилганлар ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Президент ўз нутқида нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги кўплаб мамлакатлар иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини яққол ҳис қилаётганини қайд этди.

Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эррозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келмоқда, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказмоқда.

Бунга жавобан мамлакатда уч йил аввал «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бошланди. Қўшни мамлакатлар билан биргаликда Минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга киришилди. Тошкентда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети ташкил этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан бу борада қабул қилинган иккита муҳим резолюциянинг ташаббускори бўлди. Айни вақтда «яшил» энергетика иқтисодиётимиз драйверларидан бирига айланаётгани таъкидланди.

Ҳукумат йил номида белгиланган энг муҳим вазифалар бўйича давлат дастурини ишлаб чиқиши белгиланди.

Ушбу дастурда «яшил» технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалалар устувор аҳамият касб этиши зарурлиги таъкидланди.