Жиззах вилояти Бахмал туманида Cobalt ҳайдовчиси икки пиёдани уриб юборди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳолат 18 ноябрь куни соат 19:30 атрофида Ғаллаорол-Бахмал-Супа-Зомин 4Р-41 йўлида содир бўлган.

Калтатой қишлоғида яшовчи 33 ёшли А.О. Cobalt автомашинасини бошқариб келаётиб йўлнинг белгиланган жойидан кесиб ўтаётган пиёдалар — 13 ёшли И.М. ва 4 ёшли И.К.ни уриб юборган ҳамда ҳодиса жойидан яширинган.

Тармоқларда тарқалган видеода қизларнинг ёнида яна бир бола бўлганини, у машина юқори тезликда келаётганини пайқаб, олдинга ҳаракатланганини кўриш мумкин.

ЙТҲ оқибатида Ўсмат шаҳарчасида яшаган опа-сингиллар турли тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан шу куни гумонланувчи О.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) 3-қисми «а» банди ва 117-модда (Хавф остида қолдириш одамлар ўлимига сабаб бўлса) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳайдовчи ушланган ва вақтинча сақлаш ҳибсхонага жойлаштирилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.