Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ижтимоий тармоқларда давоси қийин касалликларни даволаш ва олдини олишда энг самарали дея тарғиб қилинадиган маҳсулотларнинг рекламасини нотўғри талқин қилмасликни сўради. Шунингдек, қўмита уларни диний блогерлар бевосита реклама қилиши истеъмолчиларни чалғитишини эслатди.
Келтирилган маҳсулотлар орасида овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар, малҳамлар, суртмалар, бальзамлар, дамламалар ва сув маҳсулотлари бор. Тармоқлар ва хабар алмашиш платформаларида маҳсулотларнинг рекламаси «минг бир хасталикка даво» сифатида, «мўъжизакор» таъсири ҳақида истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ, бўрттирувчи иборалар асосида жойлаштирилиши, таниқли шахслар ва жамоат арбоблари томонидан мазкур маҳсулотларни тавсия қилиниши, даволашда фойдаланганликлари, таъсир доираси ва терапевтик самарадорлиги ҳақида фикрлар билдирилиши истеъмолчиларнинг режали (анъанавий) даволашдан воз кечиб, ўз-ўзини даволаш усулларини кенг қўлланилишига, ҳаттоки фожиали ҳолатларга сабаб бўлмоқда, дея маълум қилмоқда қўмита.
Ташкилот реклама лавҳаларида фуқароларнинг диний туйғуларидан фойдаланган ҳолда диний блогерларнинг суратлари, уларнинг видео ва аудиоси чиқиши (муайян бир савдо белгиси аниқ гапирилмаган бўлса-да), уларнинг тавсия ва кўрсатмалари истеъмолчиларда маҳсулотларга нисбатан ишончни сунъий оширилишига ва пировардида нотўғри хулоса чиқарилишига олиб келаётганини маълум қилди.
«Ачинарлиси, бундай маҳсулотларни диний блогерлар томонидан бевосита реклама қилиниши истеъмолчиларни чалғитиб, уларда ушбу маҳсулотларни дори воситаси ва даволаш хусусиятига эга эканлиги ҳақида янглиш фикрлар шаклланишига ҳамда уларни истеъмол қилинишига ундамоқда», — дейилади хабарда.
Келтирилишича, қўмитага рекламаларга ишониб, айнан шу каби маҳсулотларни сотиб олган, бироқ уларнинг истеъмоли натижасида соғлиги янада ёмонлашганлиги тўғрисида фуқаролардан кўплаб мурожаатлар тушмоқда. Жумладан, 2024 йилнинг ўтган даврида БФҚлар (биологик фаол озуқавий қўшимчалар) бўйича мингга яқин мурожаатлар кўриб чиқилиб, истеъмолчиларга 118 млн сўм моддий зарарлар қопланган.
Қўмита «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 35-моддасидаги овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг рекламасига доир талабларни эслатди.
Унга кўра:
- улар дори воситалари ҳисобланади ва (ёки) даволаш хоссаларига эга деган таассуротни уйғотмаслиги;
- уларни қўллаш натижасида одамлар даволанганлиги, уларнинг аҳволи яхшиланганлигига доир муайян ҳолларга ҳаволаларни ўз ичига олмаслиги;
- уларнинг қўлланилганлиги муносабати билан жисмоний шахслар томонидан билдирилган миннатдорчилик изҳорини ўз ичига олмаслиги; соғлом
- овқатланишни рад этишга ундамаслиги;
- овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг тадқиқотлар ўтказилганлиги, давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги фактларга ҳаволалар қилиш, шунингдек бошқа тадқиқотлар натижаларидан уларни қўллаш учун тўғридан-тўғри тавсия шаклида фойдаланиш орқали дори воситаларига нисбатан афзалликлари ҳақидаги таассуротни юзага келтирмаслиги;
- ҳар бир ҳолда реклама объекти дори воситаси эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши кераклиги белгиланган.
Қонуннинг 47-моддасига асосан, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасига доир талабларни бузганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Рақобат қўмитаси «Реклама тўғрисида»ги қонунга асосасланиб, фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган, юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек жамият ҳамда давлат манфаатларига моддий зарар ва маънавий зиён етказиши мумкин бўлган рекламалар нотўғри эканлиги, уларни тарқатиш қонунчиликка биноан жавобгарликка асос бўлиши эслатди.