«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров 20 ноябрь куни Қонунчилик палатасида сўзлаган нутқида Ўзбекистон бутун дунёда ўзини ишончли ҳамкор сифатида намойиш этганини айтиб, бу борада президентнинг хизмати беқиёслигини таъкидлади.
Қодировнинг Қонунчилик палатасининг бош вазир номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисида қайд этишича, янги парламент шаклланиш жараёнида президент томонидан қўйилаётган вазифаларнинг барчаси Ўзбекистон халқи фаровонлиги учун хизмат қиладиган, қудратли давлат бўлишга асос бўладиган таклифлардир.
Фракция раҳбари барча ҳокимият органлари: парламент, ҳукумат ва суд ҳокимияти бир-бири билан мустаҳкам бирлашиб, давлат раҳбари томонидан белгиланган вазифаларни, халқ фаровонлиги йўлида хизмат қиладиган дастурни амалга ошириш учун камарбаста бўлиб ишлаши кераклигини қўшимча қилди.
«Ўзбекистон бугун минтақада ҳам, бутун дунёда ҳам ўзини ишончли ҳамкор сифатида намойиш эта олди. Албатта, бу борада сизга миннатдорчилик билдираман. Чунки буюк сиёсий ирода билан Ўзбекистон мана шу даражага келишида сизнинг беқиёс хизматингиз бор», — дея таъкидлади Алишер Қодиров.
Шунингдек, «Миллий тикланиш» раҳбари президент томонидан бош вазир лавозимига Абдулла Арипов номзоди кўрсатилганини маъқуллаб, бунга бир қанча сабаблар борлигини айтган. Унинг қайд этишича, давлатлараро ишонч масаласи сўроқ остида қолаётган бир пайтда ҳукуматда ишончли кадрлар масаласи ҳам ўта долзарб ҳисобланади.
«Мана шундай даврда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 200 миллиард долларга кўтариш, ўша пулни топиш, тежамкорлик ва барқарорлик билан иқтисодимизни ривожлантириш каби вазифа ҳукумат олдиган қўйиляпти. Бу вазифани бажариш учун бизга албатта энг ишончли инсон керак. Сиз тавсия қилган номзодни биз фракциядошлар ва қуйидаги депутатлар билан биргаликда муҳокама қилиб, Ўзбекистонга бугунги кунда айнан Абдулла Нигматовичга ўхшаган бош вазир жуда ҳам зарур, деган қарорга келдик», — дейди Қодиров.
Депутат Ўзбекистонни ривожлантириш учун қўйилаётган бу вазифаларни амалга ошириш учун ҳукумат ўз таклифларини, дастурини тақдим қилганини айтар экан партия бу борада парламент нуқтайи назаридан ўз масъулиятини чуқур ҳис қилиши ва нафақат назорат вазифаси, балки камарбаста бўлиб, биргаликда ҳаракат қилишни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўйганини қўшимча қилган.