АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Конгрессга Украина кредитининг ярмини (4,6 миллиард доллар) ҳисобдан чиқаришни режалаштираётганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Bloomberg.

Давлат департаментининг Конгрессга ёзган мактубида айтилишича, қарзни бекор қилиш «АҚШ ва унинг Европа Иттифоқи, G7 ва НАТОдаги ҳамкорларининг миллий манфаатларига жавоб беради» ва Украинага урушда ғалаба қозонишга туртки бўлади.

2024 йил апрель ойида маъқулланган Американинг 60 миллиард долларлик ёрдам пакети доирасида Украинага тўққиз миллиард доллар миқдорида кредит берилган. Bloomberg`нинг таъкидлашича, кредитнинг ярмидан кечиш Дональд Трамп лавозимга киришгунга қадар «Киевни қўллаб-қувватлашни кучайтиришга қаратилган бир қатор қадамларнинг охиргиси» бўлади.

Бу режа республикачиларнинг эътирозига сабаб бўлган, деб ёзади Bloomberg. Кентукки штати сенатори Рэнд Пол «Байден маъмуриятини тўхтатиш» учун сенатда овоз беришни ўтказмоқчилигини айтди, чунки унинг қарори қарзни америкаликларга юклайди. Бироқ ҳозирча сенатни демократлар назорат қилаётганини ҳисобга олсак, бу резолюция ўтказилиши даргумон, деб таъкидлайди Bloomberg.

Трампнинг президентлик сайловидаги ғалабасидан сўнг Оқ уй Украинага ҳарбий ёрдам жўнатишни тезлаштиришга қарор қилган, деб ёзади The Wall Street Journal. Хусусан, Пентагон Украинага Patriot ва NASAMS ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун 500 дан ортиқ самолёт берилишини эълон қилган.

17 ноябрь куни The New York Times ва бошқа нашрлар Байден маъмурияти Киевга Курск вилоятидаги операцияда иштирок этаётган Украина Қуролли кучлари бўлинмаларини ҳимоя қилиш учун Россиянинг ичкарисидаги нишонларга ATACMS узоқ масофали ракеталари билан зарба беришга рухсат бергани ҳақида ёзганди. The Times маълумотларига кўра, АҚШ, шунингдек, Украинанинг Британиянинг Storm Shadow узоқ масофага учувчи ракеталаридан фойдаланишига киритилган чекловларни ҳам олиб ташлаган.