Ўзбекистонда газ сарфини мониторинг қилиш учун «Hudud Gaz Таъминот» мобил иловаси ишга туширилди. Дастур синов режимида ишлайди, деб хабар берди «Ҳудудгазтаъминот».

Илова истеъмолчиларга табиий газ сарфи ва у билан боғлиқ тўловларни онлайн режимда кузатиб бориш имконини беради, дейилади хабарда.

Иловани Android ва iOS асосидаги қурилмалар учун бепул юклаб олиш мумкин. Дастур ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз, қозоқ ва тожик тилларини қўллаб-қувватлайди. Ўрнатилгандан сўнг, шахсий ҳисоб рақамини киритиб, рўйхатдан ўтиш ва One ID хизмати орқали уланиш керак.

Ушбу хизмат ёрдамида истеъмолчилар кунлик ва ойлик табиий газ сарфини кузатиб боришлари (истеъмол тарихи мавжуд эмас), ҳисобни тўлдиришлари ва газ, шу жумладан, суюлтирилган газ учун тўловларни амалга оширишлари ва бириктирилган баллонлар рўйхатини кўришлари мумкин бўлади.

Қулайлик учун иловада калькулятор мавжуд бўлиб, унинг ёрдамида газ истеъмолини амалдаги тарифлар ва ҳажмларга қараб ҳисоблаш мумкин.

«Ҳудудгазтаъминот» қўшимча функцияларни, жумладан, клапанларни очиш, газ ҳисоблагичларни ўрнатиш, газ қувурларини монтаж қилиш, пайвандлаш ишлари, иситиш қозонларини ўрнатиш, дудбуронларни тозалаш ва суюлтирилган газни буюртма қилиш хизматларини қўшишни режалаштирмоқда. Бу функциялардан кейинроқ фойдаланиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ёз ойида «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси электр энергиясини ҳисобга олиш учун худди шундай ҲЕТ Биллинг иловасини ишга туширган эди.