Янгиланди: Россия президенти Владимир Путин 21 ноябрь куни кечқурун Россия Украинага баллистик ракета билан ҳужум қилганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, гап энг янги ўрта масофали баллистик ракета «Орешник» ҳақида кетмоқда. Унинг сўзларига кўра, зарба «Южмаш» ҳарбий-саноат мажмуасига қаратилган ва Украинага Россия ҳудудида узоқ масофали Ғарб қуролларини ишлатишга рухсат берилишига жавоб бўлган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларининг замнавийлари ҳам, Путиннинг таъкидлашича, «Орешник» ракеталарини тутиб қололмайди.
Украина ҳаво кучлари 21 ноябрь куни эрталаб Днепрни ўққа тутиш пайтида Россия қўшинлари мамлакат ҳудуди бўйлаб қитъалараро баллистик ракета (ҚБР) учирганини маълум қилди.
Зарба Астрахан вилоятида амалга оширилган, дейилади Украина ҳарбийлари баёнотида. Унда бошқа тафсилотлар келтирилмаган.
Украина Қуролли кучлари маълумотларига кўра, Россия Днепр бўйлаб «Кинжал» аэробаллистик ракетаси ва еттита Х-101 қанотли ракеталарини учирган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа ишлари натижасида олтита Х-101 ракетаси уриб туширилган.
«Бошқа ракеталар бўйича жиддий оқибатлар кузатилмади», дея таъкидланади Украина Қуролли кучлари ҳисоботида.
CNN нашрининг қайд этишича, агар маълумот тасдиқланса, бу Россия томонидан уруш давомида бундай турдаги ракеталардан биринчи марта фойдаланиш бўлади. Телеканал шарҳловчисининг фикрича, Россиянинг ҚБРдан фойдаланиши АҚШ Украинага Америка ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига зарба йўллашга рухсат берганидан кейин имкониятларини намойиш қилишидир.
«Бугун Россиянинг янги ракетаси келиб тушди. Барча характеристикалар — тезлик, баландлик — қитъалараро баллистик ракетаники. Ҳозирда экспертизалар давом этмоқда», — деди Украина президенти Владимир Зеленский.
Россия Мудофаа вазирлиги Днепрга ракета ҳужуми ҳақидаги маълумотларга изоҳ бермади.
Америка расмийлари орасидаги New York Times манбаларининг таъкидлашича, учирилган ракета баллистик эди, аммо қитъалараро эмас. Номлари ошкор этилмаган юқори мартабали амалдорнинг сўзларига кўра, ракета, эҳтимол, ўртача масофага учган. «Аммо бу биз кузатаётган янги тур», — дея қўшимча қилди у.
Днепропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисакнинг маълум қилишича, Днепрда ракета зарбаси оқибатида саноат корхонаси, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш маркази, хусусий уйлар ва яна бир нечта жойлар зарарланган. Дастлабки маълумотларга кўра, икки киши жароҳат олган.
Қитъалараро баллистик ракета — 5500 км дан 9000 км гача бўлган масофани босиб ўта оладиган узоқ масофали қурол. ҚБР шахталардан ёки кўчма ишга тушириш қурилмаларидан учирилади ва қаттиқ ёки суюқ ёқилғи билан ишлаши мумкин.
- 20 ноябрь арафасида АҚШ, Испания, Италия ва Грециянинг Киевдаги элчихоналари «эҳтимолий ҳаво ҳужуми» таҳдиди туфайли ёпилганди. Шу фонда маҳаллий Telegram каналларда Россия Украинага қитъалараро баллистик ракета учириши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.