Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 21 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисда Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқилиб, маъқуллаганди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси ахборот хизмати хабар берди.

Янги Конституцияга кўра, 24 нафар номзоддан иборат рўйхатни президент тақдим этди (илгари номзодлар бош вазир томонидан киритилган).

Номзодлар аввал парламент қуйи палатасининг масъул қўмиталарида, кейин эса бешта сиёсий партия фракцияларида дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Мажлисда ҳар бир номзод ўз ҳаракатлар режасини тақдим этди. Ушбу ва Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатдаги олдинги тадбирлар ҳеч қаерда намойиш этилмагани сабабли, депутатлар қандай саволлар бергани ва вазирлар уларга қандай жавоб бергани номаълумлигича қолмоқда.

Ахборот хизматининг маълум қилишича, депутатлар «давлат раҳбарининг бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқишга бағишланган мажлисдаги нутқида белгиланган долзарб вазифаларни бажаришда ҳукуматнинг Қонунчилик палатаси билан янада самарали ҳамкорлик олиб бориши муҳимлигини» таъкидлашди.

Бироз вақт ўтгач, Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати қуйи палата томонидан маъқулланган вазирларни лавозимларга тайинлаш тўғрисидаги фармонни эълон қилди. Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг амалдаги таркиби ўзгаришсиз қолди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси таркиби

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Бош вазир ўринбосари Ачилбай Жуманиязович Раматов (1962 йилда туғилган)

2016 йил декабрда бош вазирнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланган. 2002 йилдан 2019 йил февралгача «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси бошқаруви раиси лавозимида ишлаган. Сенатор бўлган. «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони соҳиби (биринчи президент Ислом Каримовнинг 2013 йил августдаги фармони билан берилган). 2022 йилдаги маъмурий ислоҳотдан сўнг бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаган.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Джамшид Анварович Кучкаров (1964 йилда туғилган)

Тошкент халқ хўжалиги институти (1985) ва Колорадо штати иқтисодиёт институтини (1996) тамомлаган. Иқтисодиёт фанлари номзоди. Марказий банк раисининг ўринбосари (1996−1997), молия вазири ўринбосари — Молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи (1997−2005), молия вазири ўринбосари (2005−2016), молия вазирининг биринчи ўринбосари (2017 йилгача), кейин бош вазир ўринбосари — молия вазири (2017−2020) лавозимларида фаолият юритган.

2020 йил февралдан Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига (Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги) бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров раҳбарлик қилган, кейинчалик фақат бош вазир ўринбосари лавозимини сақлаб қолган. Август ойидан буён бир вақтнинг ўзида иқтисодиёт ва молия вазири лавозимини эгаллаб келмоқда.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Бош вазир ўринбосари Жамшид Абдухакимович Ходжаев (1979 йилда туғилган)

Тошкент давлат иқтисодиёт университети (2000) ва Буюк Британиянинг Бирмингем университетини (2003) тамомлаган. 2000 йилдан буён банк тизимида ишлаган, Ўзбекистон Марказий банки тузилмасидаги 14 йиллик фаолиятининг 8 йилини раҳбарлик лавозимида ўтказган.

2017 йилда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки раисининг биринчи ўринбосари сифатида ғазначилик, ташқи иқтисодий фаолият, ахборот технологиялари, лойиҳаларни молиялаштириш ва бошқа департаментларга раҳбарлик қилган.

2017 йил августда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари — Давлат б юджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи лавозимини эгаллаган.

2017 йил ноябрда ташқи савдо вазири этиб тасдиқланган, 2019 йил январда эса қишлоқ хўжалиги вазири этиб тайинланган.

2022 йил июлдан бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимини эгаллаб келган. 2022 йил декабрда эса бу вазирлик лавозимини Лазиз Қудратов эгаллаган.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Бахриддиновна Махкамова (1968 йилда туғилган)

Наманган давлат педагогика институти ҳамда Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Мутахассислиги — педагог.

2020 йил 4 мартдан Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳокими лавозимида ишлаган. Аввалроқ Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 2022 йил декабрда бош вазир ўринбосари этиб тайинланишига қадар Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитасига раҳбарлик қилган.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Шавкатович Қудратов (1981 йилда туғилган)

Тошкентда туғилган. Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Япониянинг Хосей университетини тамомлаган. Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида (2003−2010), Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи (2010−2014), «Ўзинфоинвест» агентлигининг ахборот таъминоти ва хорижий инвестицияларга кўмаклашиш бўйича директори (2014−2016), шунингдек, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари (2017−2019) лавозимларида ишлаган.

2022 йил декабрдан буён инвестициялар, саноат ва савдо вазири лавозимида фаолият юритмоқда.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобир Фарҳодович Исломов (1984 йилда туғилган)

Тошкент давлат техника университетини рудали ва норудали фойдали қазилмалар геологияси ва қидируви бўйича магистрлик даражаси билан тамомлаган. 2002−2008 йилларда «Апартак» кончилик корхонасида техник, техник-геолог бўлиб ишлаган. 2008−2010 йилларда «Қимматбаҳо ва рангли металлар геологияси» илмий-амалий марказида турли лавозимларда фаолият юритган. 2010−2015 йилларда «Давлат геология ахборот маркази» корхонаси директори, 2015−2016 йилларда Минерал ресурслар илмий-тадқиқот институти директори, 2017−2022 йилларда Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси раиси лавозимларида ишлаган.

2022 йил апрель-декабрь оралиғида бош вазирнинг ишлаб чиқариш, энергетика, саноат ва базавий таъминот масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлган. 2022 йил декабрдан буён эса кон-геология саноати вазири лавозимида фаолият юритмоқда.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Саиджанович Хидоятов (1980 йилда туғилган)

Тошкент давлат техника университетини тугатган. 1998 йилдан 2009 йилгача Ўзбекистон Олий хўжалик судида маслаҳатчи лавозимида фаолият юритган. 2009 йилдан 2018 йилгача «Green line profill», «Nordlink Aliminium Bulding Matirials», «Neo sun LightI», «Dream Production», «Artel Engineering», «Durabel Beton», Тошкент трансформатор заводи каби компанияларда турли лавозимларда ишлаган. 2008 йилдан Akfa Holding`да қурилиш бўйича директор сифатида фаолият кўрсатган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Tashkent City халқаро бизнес марказини қуриш бошқармасига раҳбарлик қилган.

2019−2021 йилларда Қурилиш вазири ўринбосари, 2021−2022 йилларда Уй-жой коммунал хўжалиги вазири, 2022−2024 йилларда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари, 2024 йил июль ойида эса вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Kамбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Эркинович Зоҳидов (1982 йилда туғилган)

2003 йилда Тошкент молия институтини, 2008 йилда Банк-молия академиясини тугатган. Банк соҳасида 20 йиллик тажрибага эга.

2020 йилдан Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари, 2022 йил сентябридан Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани ҳокими, жорий йил сентябридан эса Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазири лавозимларида ишлаган.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Авезимбетович Шарипов (1963 йилда туғилган)

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган.

2009 йил июлдан 2010 йил центябргача Тошкентдаги Турин политехника университети ректори, кейин 2010 йил октябрь ойидан Тошкентдаги Турин политехника университетининг молия ва иқтисод бўйича биринчи проректори лавозимларида ишлаган. 2017 йил августидан 2019 йилгача яна Тошкентдаги Турин политехника университетига раҳбарлик қилган.

2019 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари этиб тайинланган. 2019−2024 йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори лавозимида фаолият юритган.

2024 йил февраль ойидан бошлаб Олий таълим вазирлигига раҳбарлик қилмоқда.

Батафсил таржимаи ҳол

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Ўктамовна Умарова (1988 йилда туғилган)

Германиянинг Веймар шаҳрида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тугатган.

2019 йилда Тошкент шаҳридаги Inha университетининг фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича бош менежери, 2019−2020 йилларда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб директори, 2020−2022 йилларда Президент таълим муассасалари агентлиги директори лавозимларида ишлаган.

2022 йил декабрь ойидан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазири лавозимини эгаллаб келмоқда.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдукахарович Абдухакимов (1974 йилда туғилган)

У Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Япониянинг «Хитоцубаши» университетини тамомлаган.

2010−2012 йилларда Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси, 2012−2014 йилларда Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, 2014−2017 йилларда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири лавозимларида фаолият юритган.

2017−2018 йилларда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, 2018−2022 йилларда Бош вазир ўринбосари, Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари комплекси раҳбари, 2020−2021 йилларда Бош вазир ўринбосари — Давлат туризм қўмитаси раиси, 2021−2022 йилларда Бош вазир ўринбосари — Туризм ва спорт вазири (кейинчалик — туризм ва маданий мерос вазири) лавозимларида ишлаган.

2023 йилдан бошлаб Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири лавозимини эгаллаб келмоқда.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Спорт вазири Адҳам Илҳомович Икромов (1968 йилда туғилган)

1997 йилдан буён турли раҳбарлик лавозимларида, жумладан, вазирнинг биринчи ўринбосари ва соғлиқни сақлаш вазири (2009−2012), бош вазир ўринбосари (2012−2017), президентнинг давлат маслаҳатчиси биринчи ўринбосари ва айни пайтда Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори лавозимларида фаолият кўрсатган.

2017−2022 йилларда Савдо-саноат палатасига раҳбарлик қилган, 2022 йил декабридан бошлаб эса Спорт вазирлигини бошқармоқда.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Қишлоқ хўжалиги вазири Иброхим Юлчиевич Абдураҳмонов (1975 йилда туғилган)

Тошкент давлат университети ва АҚШнинг Техас қишлоқ хўжалиги ва механика университетини тамомлаган.

Илмий фаолиятини 1997 йилда Ўсимликлар генетикаси ва экспериментал биологияси институти кичик илмий ходими, аспиранти сифатида бошлаган. 2002−2012 йилларда Фанлар академияси Ўсимликлар генетикаси ва экспериментал биологияси институти Геном технологиялари маркази лабораториясида илмий ходим, катта илмий ходим, лойиҳа раҳбари лавозимларида ишлаган. 2012 йилдан 2017 йилгача Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази директори, сўнгра 2017 йилдан Фанлар академияси вице-президенти вазифасини бажарган.

2017 йил ноябрда янги ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлигига, 2022 йил декабрда қайта ташкил этилган Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига раҳбарлик қилган, 2023 йил октябрь ойидан бошлаб қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида фаолият юритмоқда.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Сув хўжалиги вазири Шавкат Раҳимович Хамраев (1964 йилда туғилган)

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

2005 йилдан 2017 йилгача Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари — Сув хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи, 2017 йилдан 2018 йилгача Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари лавозимларида ишлаган.

2018 йилдан буён сув хўжалиги вазири лавозимини эгаллаб келмоқда.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Хотамович Шерматов (1977 йилда туғилган)

Тошкент давлат техника университети (1998) ва АҚШнинг Йель университети (2000) битирувчиси.

2012−2014 йилларда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси (ҳозирги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги) раисининг ўринбосари бўлган. 2014−2016 йилларда Тошкентдаги Инҳа университети ректори, 2016−2017 йилларда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари, 2017−2018 йилларда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигини бошқарган.

2018 йилда бир неча ой инновацион ривожланиш вазири ўринбосари, 2018−2021 йилларда халқ таълими вазири лавозимларида ишлаган.

2021 йил ноябрь ойидан бошлаб Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимида фаолият юритмоқда, кейинчалик бу вазирлик Рақамли технологиялар вазирлигига айлантирилди.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Адлия вазири Акбар Джурабаевич Ташкулов (1971 йилда туғилган)

Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Мутахассислиги — юрист, биринчи даражали адлия маслаҳатчиси.

У 2017 йилдан 2021 йилгача адлия вазири ўринбосари, ундан олдин эса Адлия вазирлиги тизимида турли лавозимларда ишлаган. 2015 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист» фахрий унвонига сазовор бўлган.

2021−2022 йилларда Тошкент давлат юридик университети ректори бўлган. 2022 йил 15 ноябрдан бери Адлия вазирлигига раҳбарлик қилмоқда.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Транспорт вазири Илхам Рустамович Махкамов (1979 йилда туғилган)

Тошкент автомобиль йўллар институти муҳандис-иқтисодчи ва маркетинг йўналиши бўйича бакалавр ҳамда магистратура босқичларини тамомлаган. Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида бозор иқтисодиёти асослари ва тамойиллари бўйича таълим олган.

Маҳкамов меҳнат фаолиятини Тошкент шаҳар ҳокимлиги бинолардан фойдаланиш департаменти ҳисоб бўлими бош мутахассиси лавозимидан бошлаб, кейинчалик шу бўлим бошлиғи сифатида давом эттирган. Кейинги йилларда «Сувсоз» давлат унитар корхонасида бош технолог ўринбосаридан бошқарувчигача бўлган бир қатор раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

Тошкент шаҳар ҳудудий коммунал-фойдаланиш бирлашмаси бош директори, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги бош директори, Вазирлар Маҳкамасининг Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаменти мудири лавозимларида фаолият юритган.

2019 йилдан Транспорт вазирлигида вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимида иш бошлаган, 2020 йил октябрь ойидан бошлаб Транспорт вазирлигига раҳбарлик қилмоқда.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Маданият вазири Озодбек Ахмадович Назарбеков (1974 йилда туғилган)

Ўзбекистон давлат санъат институтини тугатган.

2002 йилдан 2008 йилгача «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси солисти бўлиб ишлаган. У марҳум қўшиқчи Муҳриддин Холиқовнинг энг таниқли шогирдларидан бири ҳисобланади.

2008 йилдан 2017 йилгача Қуролли Кучлар ашула ва рақс ансамбли ижрочиси бўлган. 2017 йил июль-август ойларида «Ёшлар» телеканали директори лавозимида ишлаган.

2017−2020 йилларда маданият вазирининг ўринбосари ва биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

2020 йил 22 январдан бери Ўзбекистон маданият вазири лавозимида ишлаб келмоқда.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Мудофаа вазири Баходир Низамович Курбанов (1969 йилда туғилган)

1987 йилдан 1989 йилгача муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. 1990 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Олий тергов мактабига, 1992 йилда эса Ўзбекистон ИИВ Олий мактабига ўқишга кирган.

2002−2005 йилларда Жиззах тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган. 2005 йилда Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига ўтган. 2008 йилда Ўзбекистон ИИВ Патруль-пост хизмати бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаган. Ўша йили Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган.

2013 йил 24 декабрдан 2015 йил 27 декабргача Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. 2015 йилда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган. 2017 йил 14 январда генерал-майор унвонига сазовор бўлган.

2018−2019 йилларда Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони лавозимида ишлаган. У 2019 йил 11 февралдан бери Ўзбекистон мудофаа вазири лавозимида ишлаб келмоқда. 2021 йил январь ойида унга генерал-лейтенант унвони берилган.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Энергетика вазири Жўрабек Турсунпулатович Мирзамаҳмудов (1979 йилда туғилган)

2001 йилда «Умид» фонди йўлланмаси бўйича АҚШнинг Алабама университетини, 2005 йилда эса Тошкент кимё-технология институтини тамомлаган.

Вазирлар Маҳкамасининг Ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантириш бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири лавозимида ишлаган. У «Ўзкимёсаноат» бошқаруви раиси ўринбосари, иқтисодиёт вазири ўринбосари, энергетика вазирининг биринчи ўринбосари ва «Ўзатом» агентлиги бош директори лавозимларида фаолият кўрсатган (2018−2022).

Шунингдек, «Ўзкимёсаноат» компаниясига раҳбарлик қилган. 2022 йил сентябрь ойидан Бош вазир ўринбосари — энергетика вазири, ўша йилнинг декабрь ойидан бошлаб Энергетика вазирлиги раҳбари лавозимларида ишлаб келмоқда.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Анварович Худаёров

У аввал Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори ва соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, шунингдек, Президент Администрацияси қошидаги Тиббиёт бош бошқармаси раҳбари лавозимларида фаолият юритган.

2023−2024 йилларда Президент Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти мудирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган, кейинчалик аввал соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи сифатида ишлаган, январь ойидан эса соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчиси этиб тайинланган.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Одилович Саидов (1981 йилда туғилган)

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бакалавриатура ва магистратура босқичларини тамомлаган.

У, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида ҳам ишлаган. 2017 йил июлидан Ўзбекистоннинг Хитойда элчиси сифатида хизмат қилган (2018 йил апрелида бир вақтнинг ўзида Мўғулистонда, 2019 йил июлида эса Филиппинда ҳам элчи этиб тайинланган).

2021 йил ноябридан Халқ таълими вазири, 2022 йил декабридан Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчиси, 2023 йил апрелида эса Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари этиб тасдиқланган.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Ички ишлар вазири Пўлат Раззақович Бобожонов (1961 йилда туғилган)

2000−2005 йилларда Ўзбекистон Бош прокурорининг ўринбосари, 2005−2006 йилларда Бош прокуратуранинг Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи, 2006−2011 йилларда Жиззах вилояти прокурори лавозимларида ишлаган.

2011 йилда қисқа муддат Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, ундан олдин эса шу вилоят прокурори лавозимларида ишлагач, 2012−2017 йилларда Хоразм вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритган.

2017 йил 4 сентябрдан буён Ички ишлар вазири лавозимида ишлаб келмоқда.

вазир, президент, қонунчилик палатаси, ҳукумат аъзолари

Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Хамидуллаевич Кулдашев (1959 йилда туғилган)

СССР ИИВ Олмаота ёнғин-техника билим юрти ва ИИВ Олий муҳандислик ёнғин-техника мактабининг Тошкент факультетини тамомлаган.

1986 йилдан ИИВ Ёнғин хавфсизлиги тизимида ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми ўт ўчирувчиси бўлиб ишлаган, 1997−2001 йилларда ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 2001 йилдан 2005 йилгача ИИВ Ёнғиндан муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

2005−2009 йилларда Ички ишлар вазири ўринбосари, 2009−2011 йилларда Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи, 2011−2012 йилларда Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи, 2012−2018 йилларда Ёнғин хавфсизлиги олий техника мактаби бошлиғи, 2018−2022 йилларда Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

2022 йил 1 мартдан бошлаб Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 114-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.