Тошкент вилоятининг Бўка туманида ҳомиладор қиз операция вақтида вафот этди, деб хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳолат юзасидан тезкор ўрганиш натижасида 17 ноябрь куни соат 14:30 атрофида Бўка тумани Янгиобод маҳалласида яшовчи 2004 йилда туғилган Н.С.ни онаси туман тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимига олиб келгани аниқланди.

Бемор дастлабки ташхис билан касалхонага ётқизилган: «Ҳомиладорлик-I, 30 ҳафта, сийдик йўли инфекцияси, семизлик-III даража». Бироқ ўша куни соат 17:10 ларда у тилхат асосида шифохонадан чиқиб кетган.

Орадан 3 кун ўтиб, 20 ноябрь куни соат 4:50 ларда бемор Н.С. ушбу туғуруқ бўлимига қайта мурожаат қилган ва танасида шишлар ҳамда сариқлик белгилари билан оғир аҳволда қабул қилинган. Унга «Ҳомиладорлик-I, 30 ҳафта, сийдик йўли инфекцияси, ўткир ёғли гепатоз, анемия ўрта оғир даража, семизлик-III даража» ташхиси қўйилган.

Ўша куни соат 13:10 атрофида қизнинг аҳволи оғирлашган ва шифокорлар маслаҳатидан сўнг бемор реанимация бўлимига ётқизилган. Унинг ҳолати бўйича вилоят перинатал марказига хабар берилган.

Беморнинг соғлиғи инобатга олиниб, операция соат тахминан 14:55 да бошланган. ССВнинг таъкидлашича, операция чоғида беморда барча инъекцион муолажалар тиббий кўрсатмага мувофиқ бажарилган.

Бироқ жарроҳлик амалиёти вақтида Н.С.нинг умумий аҳволи ёмонлашиб, клиник ўлим содир бўлган. Тегишли реанимацион муолажалар бажарилишига қарамай, беморда соат 17:50 атрофида биологик ўлим қайд этилган.

Дастлабки хулосага кўра, қизнинг ўлимига «ўпка артериясининг тромбоэмболик синдроми, оғир гепатоз, ўткир жигар етишмаслиги, уросепсис, септик шок» сабаб бўлган. Тахминан соат 20:00 да шифохона прокуратурага беморнинг ўлими ҳақида хабар берган.

Вазирлик муносабатида ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода айтилганидек ҳомила ҳам вафот этганига аниқлик киритилмаган.

Daryo нашри марҳум қизнинг яқинлари билан суҳбатлашди. Уларнинг айтишича, қиз ва унинг боласи кундузи вафот этган бўлса-да, уларнинг яқинларига ўлим ҳақида фақат кечқурун хабар берилган.

Ўлимидан олдин қиз онасига қўнғироқ қилиб, унга қандайдир укол қилинганини, шундан кейин унинг аҳволи ёмонлашганини айтган.

«У менга соат 13:30 ларда қўнғироқ қилиб: „Менга қандайдир укол қилишди, шундан кейин ўзимни ёмон ҳис қиляпман, қон кетяпти“, деди», — деди марҳумнинг онаси.

Қизнинг қариндоши марҳумни тиббий муассасада қандай топганини ҳам айтиб берди. «Касалхонага келдим, учинчи қаватга чиқдим (операция бўлган жойга) — ҳеч ким йўқ. Ўзим эшикни очиб кирсам, ўлик ётибди, ёнига „одеяло“ ташлаб қўйилган. Шундай юзини очсам, қонга беланган, постелгача қон. Унинг ёнида бир бола ётибди. Ўлимдан кейин улар шундайлигича ташлаб чиқиб кетишган».

ССВнинг маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан вазирлик бош акушер-гинекологи бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан ички текширув ўтказилмоқда. Ўз навбатида, Бўка тумани прокуратураси қизнинг ўлими юзасидан тергов олиб бормоқда.