Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бош вазир тасдиқланган мажлисида ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш зарурлиги ҳақида гапирди.
Қайд этилишича, бу ёшлар онгу тафаккурида миллий ғурур билан бирга умумбашарий қадриятларга ҳурмат ҳиссини камол топтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ёшларни замонавий билим ва дунёқараш, даромадли касб эгалари этиб тарбиялаш, уларни илм-фан, IT технологиялар, маънавият, санъат ва адабиёт, спорт билан ошно этиш учун ҳеч нарса аялмасдан, бор куч ва имкониятлар сафарбар этилади.
«Бугун фақат мана шундай илғор ёшларга, мана шундай жонкуяр зиёлиларга, ватан равнақи йўлида бирлашган халққа эга бўлган давлатгина ўз миллий манфаатларини таъминлашга эриша олади. Бизнинг иккита ўқ томиримиз, иккита таянч устунимиз бор: бири — иқтисодиёт, бири — маънавиятдир. Маънавий буюк халқ — иқтисодий томондан ҳам буюк бўлади», — деди у.
Шавкат Мирзиёев айни вақтда жамиятдаги очиқлик ва эркинлик муҳитини, миллатлар ва динлар ўртасидаги аҳиллик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, сўз ва матбуот эркинлиги, виждон эркинлигини таъминлаш бўйича бошланган ишлар давом эттирилишини таъкидлади.
«Бугун бутун дунё ниҳоятда нотинч ва таҳликали вазиятда давлатимизнинг мустақиллиги ва суверенитетини, халқимизнинг тинч ва эркин ҳаётини энг бебаҳо бойлик сифатида асраш ва ҳимоя қилиш энг муҳим вазифа бўлиб қолади», — деди Мирзиёев.
«Ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур: мамлакатимиз хавфсизлиги, юртимиз мудофааси нафақат Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, балки Ўзбекистонни ўзи учун она ватан деб биладиган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча инсонларнинг муқаддас бурчидир. Бунинг учун ягона ватан, кўп миллатли ягона аҳил оила туйғуси ҳар биримизнинг қалбимиз, юрагимиздан чуқур жой олиши лозим», — деди у.
Унинг айтишича, дунёда турли хатар ва таҳдидлар авж олиб бораётган ҳозирги шароитда Қуролли Кучларнинг жанговар ва маънавий салоҳиятини оширишга эътибор янада кучайтирилиши белгиланди.