Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳрида «Ижтимоий такси» пилот лойиҳасини ишга туширди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар бермоқда.
Лойиҳа аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ва таянч-ҳаракат тизимида нуқсони бўлган болалар учун ижтимоий соҳа объектлари ва таълим муассасаларига боришда қулайликлар яратишга қаратилган.
«Ижтимоий такси» хизматига қандай буюртма бериш мумкин?
Хизмат Yandex Go иловаси орқали амалга оширилади. Ногиронлиги бор шахслар учун мослаштирилган «махсус функция» илованинг алоҳида экранида мавжуд («буюртма» қисмининг ўнг томонидаги тугма босилади). Уни исталган тарифда саёҳат учун танлаш мумкин (старт, комфорт ёки комфорт+). Қўшимча функциялардан фойдаланганда нарх ўзгармайди.
Буюртмани қабул қилган ҳайдовчига қуйидаги вазифаларни бажариш зарурлиги ҳақида хабар берилади:
- «Машина топишга ёрдам беринг» — ҳайдовчига йўловчига машинани топишга, унинг ёнига келиш ва салонга ўтиришга ёрдам бериш кераклиги ҳақида изоҳ беради;
- «Мен фақат матн орқали мулоқот қиламан», «Мен гапиролмайман, лекин эшитаман» — саёҳат вақтида нутқи ва эшитишида муаммолари бўлган одамлар ҳайдовчи билан чат орқали мулоқот қилади;
- «Ногиронлар аравачасидаман» — йўловчига машинага ўтиришда ёрдам керак бўлиши ва бўш юкхонага муҳтож бўлиши мумкинлиги ҳақида изоҳ кўринади.