19 ноябрь куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантини агентлигига АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги томонидан (USAID) 205 минг долларлик лаборатория ускуналари топширилди, дея хабар қилмоқда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати.

Янги ускуналар агентликнинг Марказий фитосанитария лабораториясида ўсимликларнинг саломатлигини таҳлил қилиш имкониятларини ошириб, Ўзбекистоннинг халқаро қишлоқ хўжалиги стандартларига, хусусан, Халқаро ўсимликларни ҳимоя қилиш конвенцияси (IPPC) доирасидаги талабларга мувофиқлигини таъминлайди.

Жиҳозлар IPPC доирасида лабораторияларни аккредитациядан ўтказишда муҳим роль ўйнайди, бу эса диагностика хатоларини камайтириш ва ўсимликларнинг соғлигини таҳлил қилиш жараёнларини тезлаштиришга ёрдам беради. Бу Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги ва ўсимликларни ҳимоя қилишни яхшилаш ҳамда халқаро ҳамкорлар билан савдо стандартларини ошириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади, дейилади хабарда.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантини агентлиги 2021 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси негизида ташкил этилган. Унга тупроқни агрокимёвий таҳлил қилиш ва ўғит сифатини назорат қилиш, ўсимликлар клиникаси ва биологик лабораторияларни ривожлантириш, дарахт, бута ва гулларни зараркунандалардан ҳимоя қилишни назорат қилиш каби вазифалар юкланган.

Президент Шавкат Мирзиёев март ойида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 3,5 млрд долларга етказиш режалари билан танишганди.