20 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган устувор вазифаларни эълон қилгандан сўнг, 2025 йилни «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт» йили деб номлашни тавсия қилди. Давлат раҳбари йил учун танланган номга изоҳ бериб, бу ҳақда жуда кўп муддат ўйлаганини таъкидлади.

«Қўллаб-қувватласангизлар, 2025 йилни Атроф-муҳитни асраш ва „яшил“ иқтисодиёт йили деб эълон қилсак? Йил номини шундай қўйганимизни мен жуда кўп ўйладим, табиатни асраш деган жумла ичида жуда катта нарса мужассам», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев ҳар бир ҳуқуқий ҳужжат яшилликка олиб борилса, унинг натижаси яхши бўлиши ҳақида сўзлади.

«Нима учун, бир йилни шунга бағишлаймиз, қонунларимизни чархлаб, ишларимизни саранжом қилиб оламиз. Ҳеч ким бизга ишонмаган эди: Ўзбекистон шамол, қуёш ва гидроэлектр бўйича шундай қилишига. Яшил иқтисодиёт йили деганда тажриба ўрганамиз. Ҳар бир қарор, қонун, фармонни яшилликка олиб борсак, ўйлайманки, яхши бўлади», деди у.

Яшил иқтисодиёт бўйича биз тўқимачилик бўйича Европа давлатларига маҳсулотимизни сотяпмиз. Кўпи билан 4 йил керак. Улар бизга қайси энергияда ишлаб чиқардинг деб айтишади, биз бунга тайёр бўлишимиз керак, дея қўшимча қилди давлат раҳбари.

«Қаерга борсам, улар қайси энергиядан фойдаланишаётгани ҳақида сўрайман. Ақллилар қуёш батареяларини қўйиб, жуда катта энергия оляпти», — деди у.

Президентнинг таъкидлашича, тадбиркорлар ҳам мамлакатнинг жуда катта қудрати. Уларнинг сони 1,5 млн нафар бўлди, 2030 йилгача уларнинг сонини 3 млн нафарга чиқариш режа қилинган. Улар ҳам яшил иқтисодиётга ўзининг имкониятини намоён қилиб, ташаббус билан чиқишса, биз айтган катта-катта марралар албатта натижаси бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари соғлиқни сақлаш нуқтаи назаридан ҳам [бу ном] одамларга енгилликдир. Шунингдек, президент сув танқислиги, келажакда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича салбий таъсирни кўрсатиш кераклигини эслатди.

Шунингдек, у ўз нутқида мамлакатда кенг ўтказиладиган «Яшил макон» умуммиллий дастурини ҳам тилга олиб, тизимда шу вақтгача йўл қўйилган асосий камчилик ҳақида гапирди.

««Яшил макон»ни ҳам биринчи бошлаганимизда (дарахтни) экдик, парваришни билмадик. Энди экишдан олдин парваришни, сувни ўйлайлик. Керак бўлса, шунга манфаатдор хусусий қилиб эккан дарахтни топиб берайлик. Одамларимиз учун хонадон, кўча, маҳалласи, шаҳрида, вилоятда, мактабларда, олийгоҳларда, корхоналарда атроф-муҳитни асраш бўйича муҳит яратишимиз керак», — деди президент.

У «Яшил макон» йўналишида ҳамма соҳада «она табиат» деган жумланинг маъносига етиш, ёзувчилар, шоирлар шеър, достонлар ёзиб, кинолар чиқарилиши муҳимлигини, қолаверса, газета, радио, ижтимоий тармоқларда мана шу йўналишни баралла гапириш орқали муҳит яратишни таклиф қилди.