Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг яқин давр ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастурини тақдим этди.
Октябрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловларидан сўнг ҳукумат янги Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилди. Президент Абдулла Арипов номзодини ҳукумат раҳбари лавозимига такроран тақдим этди. 150 депутатдан 148 нафари уни қўллаб-қувватлади, 1 нафари бетараф қолди ва 1 нафари овоз бермади.
Бош вазир овоз берилишидан олдин ҳукуматнинг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясига асосланган 2030 йилгача бўлган режалари билан ўртоқлашди.
«Газета.uz» нутқнинг асосий тезисларини эълон қилади.
Макроиқтисодий барқарорлик
2030 йилга бориб мамлакат ЯИМни 200 млрд долларга, аҳоли жон бошига даромадни эса 5000 долларга етказиш режалаштирилган;
Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши йилига 6−7 фоизни ташкил этади.
Саноат ишлаб чиқариши (6,2 фоиз), қишлоқ хўжалиги (4 фоиз), хизматлар (14 фоиз) ва қурилишни (10 фоиз) ошириш режалаштирилган.
Инфляция даражасини йилига 5−6 фоизгача пасайтириш мўлжалланган.
Консолидациялашган бюджет тақчиллиги 3 фоиздан ошмайди.
Йиллик кредитлаш ҳажми 30 миллиард долларга етиши, банк депозитлари эса тўрт баробарга ошиши кутилмоқда. 110 миллиард доллар хорижий инвестициялар ва 30 миллиард доллар давлат-хусусий шериклик шаклида жалб қилиш режалаштирилган.
Пай ва венчур фондларини йўлга қўйиш орқали инвестиция портфели икки баробар оширилади.
Қимматли қоғозлар савдоси ҳажмини 8 миллиард долларга етказиш мўлжалланган.
2030 йилга бориб экспорт икки бараварга ошиб, 45 миллиард долларга етиши керак. Экспорт қилувчилар сонини 6500 тадан 15 мингтага ва тайёр маҳсулотнинг экспортдаги улушини ошириш.
Саноат
150 миллиард долларлик 500 та йирик саноат лойиҳасини амалга ошириш.
Саноатда қўшилган қийматни 20 млрд доллардан 45 млрд долларга етказиш.
2,5 миллиондан ортиқ юқори даромадли иш ўринлари яратиш чоралари кўрилади.
Геология-қидирув ишлари кўлами ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, табиий ресурсларни ўзлаштириш ишлари давом эттирилади. Хусусан, мис ишлаб чиқариш 3,5 баробар, олтин қазиб олиш 1,5 баробар, кумуш ва уран қазиб олиш 3 баробар оширилади.
Олмалиқ шаҳрида мисни бойитиш ва эритиш корхонаси, Оҳангаронда мисни қайта ишлаш кластери, Тебинбулоқ ва Ғаллаоролда темир ишлаб чиқариш мажмуалари қурилиб, ишга туширилади.
2025−2030 йилларда минерал-хомашё базасини сезиларли даражада ошириш бўйича мақсадли дастур ишлаб чиқилади.
Дастур доирасида кимё саноатида умумий қиймати 24 миллиард долларлик 56 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Жумладан, Навоий, Қўнғирот ва Қоракўлда йирик кимё-полимер кластерлари, Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида фосфорит хомашёсидан юқори қўшимча қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилади.
Энергетика
Гидроэлектростанциялар ва микро-ГЭСлар қуриш. 2025 йилдаёқ Хитойнинг China Southern Grid компанияси билан ҳамкорликда умумий қуввати 1200 МВт бўлган иккита ГЭС қурилиши бошланади.
Мамлакатда умумий қуввати 20 ГВт бўлган 42 та «яшил» генерация объекти қурилиб, 21 млрд доллар хорижий инвестициялар жалб этилмоқда.
Қайта тикланувчи энергия манбаларининг (қуёш, шамол ва гидроэлектростанциялар) умумий қувватини 24,2 ГВт гача ошириш. Натижада 2030 йилга бориб генерацияда «яшил» энергиянинг улуши 60 фоиздан ошади.
Электр тармоқларини ривожлантириш учун умумий қиймати 3 миллиард долларлик 34 та лойиҳадан иборат портфель амалга оширилади.
Ушбу лойиҳалар ҳар йили 19 миллиард куб метр табиий газни тежаш ва атмосферага зарарли моддалар ташламаларини 35 миллион тоннага қисқартириш имконини беради.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш
Факторингни ривожлантириш ва айланма маблағларни тақдим этиш. Факторингни кенгайтириш орқали тадбиркорларга 20 триллион сўм айланма маблағ, экспортчиларга эса 1 миллиард долларлик қўшимча ресурслар берилади.
2025 йилга бориб рейтинги юқори тадбиркорлар сони 15 мингга, 2030 йилга бориб эса 30 мингга етади.
Туризм, савдо ва сервис соҳаларидаги тадбиркорлар учун хизматларга ипотека кредити бериш тизими жорий этилади.
Иқтисодиётда хусусий секторнинг улуши 85 фоизга етказилади.
IT сектори
2030 йилга бориб IT-хизматлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
5G тармоқларини жорий этиш, сунъий интеллектни ривожлантириш ва IT соҳасида иш ўринлари яратиш.
«Космик тадқиқотлар ва технологиялар — 2035» стратегиясини ишлаб чиқиш.
Иқтисодиётда космик технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш.
Қишлоқ хўжалиги
Агробизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва инфратузилмани ривожлантириш.
Ҳар бир гектардан ўртача 45−50 центнер пахта ва 80−85 центнер дон ҳосили олиниши кутилмоқда.
2030 йилга бориб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 10 миллиард долларга, маҳсулотларни қайта ишлашни эса 25 фоизга етказиш режалаштирилган.
Томчилатиб суғориш, каналларни бетонлаш ва ишлов беришнинг замонавий усуллари ҳисобига сув ресурсларини тежаш. Бу 15−20 фоиз сувни тежаш ва ҳосилдорликни 1,5 баробар ошириш имконини беради.
300 минг гектар янги ерни қишлоқ хўжалиги оборотига киритиш. Ушбу майдонларда озуқа, доривор, мойли, дуккакли, шоли, дон, сабзавот ва полиз экинлари етиштирилади. Шунингдек, интенсив боғ ва токзорлар барпо этилади.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2 баробар, экспортни 5 баробар кўпайтириш кўзда тутилган.
Туризм
Туризм иқтисодиёт тараққиётининг драйвери бўлиб, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 5 фоизга, хорижий сайёҳлар сони эса йилига 15 миллион кишига етади.
Йирик туристик кластерларни ташкил этиш, экотуризм ва маданий туризмни ривожлантириш.
745 та маданий мерос объектини реставрация қилиш ва уларнинг сонини 2500 тага етказиш.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш
«Янги Ўзбекистон» турар жой массивларини 100 тага етказиш. Ҳар йили 150 мингта хонадон қурилаётган бўлса, жами 750 мингта хонадонни фойдаланишга топшириш.
Умуман, келгуси беш йилда уй-жойга муҳтож 350 минг оила 85 триллион сўмлик ипотека кредитлари билан таъминланади.
100 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларга 12 триллион сўм субсидия ажратилади.
Аҳолиси 300 мингдан ортиқ бўлган туман (шаҳар) лар сони 28 тага етказилади, урбанизация даражаси эса 51 фоиздан 60 фоизга етказилади.
Жамоатчилик фикри асосида камида 20 та ҳудудда эски ва эскирган уй-жойларни таъмирлаш дастурлари амалга оширилади.
Аҳолининг марказлашган сув таъминотини 90 фоизга ва канализация қамровини 30 фоизга етказиш.
Эскроу счётларидан фойдаланган ҳолда янги уй-жой сотиш тизимини ишга тушириш.
550 триллион сўмлик 36 мингта инвестиция лойиҳасини амалга ошириб, 1 миллион иш ўрни яратиш.
Транспорт инфратузилмаси
2030 йилгача жамоат транспортини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш.
5000 та автобус ва 2000 та электробус харид қилиш ва ишлаб чиқариш. Хорижий ҳамкорлар билан биргаликда электропоездлар, электробуслар, автобуслар, микроавтобуслар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш.
«Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўл лойиҳасини амалга ошириш.
Юк ташиш ҳажмини 15 млн тоннага етказиш.
Тошкент шаҳрида йилига 40 млн йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга янги халқаро аэропорт қурилиши.
Давлат-хусусий шериклик доирасида Андижон, Бухоро, Навоий ва Урганч аэропортларини ишончли бошқарувга бериш.
2030 йилгача авиақатновлар ва авиайўловчилар сонини 4 баробарга ошириш.
ДХШ асосида «Тошкент — Самарқанд» ва «Тошкент — Андижон» йўналишларида пуллик автомобиль йўллари, шунингдек, «Тошкент — Самарқанд» ва «Самарқанд — Навоий — Бухоро» йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темир йўл линиялари қуриш лойиҳалари амалга оширилади.
Ижтимоий соҳа
Камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини яратиш ва ижтимоий дастурларни амалга ошириш ҳукуматнинг асосий устувор йўналиши бўлиб қолади.
Замонавий педагогик ва рақамли технологияларни жорий этиш.
2025 йилда давлат бюджетидан 4 триллион сўмга 553 та мактаб ва боғча, халқаро молия ташкилотлари ҳисобидан яна 252 та боғчани реконструкция қилиш ва қуриш режалаштирилган.
Мактабгача таълим билан қамраб олинган болалар улуши 80 фоизга етказилади.
Мактаб ва боғчаларни тоза ичимлик суви ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан таъминлаш учун республика бюджетидан ҳар йили 100 миллиард сўм ажратилади.
Умумтаълим мактабларида олий маълумотли ўқитувчилар улуши 95 фоизга етказилади.
Мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача, шу жумладан, малака ошириш тизими учун педагог кадрлар тайёрлашнинг ягона узлуксиз тизими яратилади.
Касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларни оптималлаштириш орқали улар негизида техникум очилади.
Мактабларда шахсни шакллантириш учун муҳим бўлган учта асосий йўналиш: мусиқа, жисмоний тарбия ва спорт, ҳарбий-ватанпарварлик фанларини ўқитиш сифатига алоҳида эътибор қаратилади.
Ёшларнинг олий таълим билан қамраб олиниши 2030 йилга бориб ҳозирги 38 фоиздан 50 фоизга етказилади.
Олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти 2030 йилга бориб 70 фоизга етказилади.
Давлат тиббий суғуртаси тизимини 2027 йилгача босқичма-босқич тўлиқ жорий этиш.
Соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, электрон карталар ва тиббий хизматларни жорий этиш.
2030 йилга бориб маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқариш улушини 70 фоизга етказиш.
Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва инклюзив жамиятни шакллантириш бўйича ташаббусларни амалга ошириш.
2030 йилга бориб 10 миллион нафар ёшларни спортга жалб қилиш, спорт билан шуғулланувчи аҳоли улуши 36 фоизга етказилади.
2028-йилги Олимпиадага тайёргарлик кўриш ва кучли ўнталикка кириш.
6 та театр қуриш, 25 та музей ва 10 та театрни таъмирлаш.
2025 — 2030 йилларда мусиқа ва санъат мактабларини жиҳозлаш.
«Тирик тарих» дастури доирасида 54 та юқори сифатли фильмлар яратиш.
Камбағалликни қисқартириш
2030 йилга бориб камбағаллик даражасини жорий йилда кутилаётган 9 фоиздан 5 фоизга тушириш режалаштирилган.
Кам таъминланган оилаларнинг болаларини чет тилларига, кўникма ва касбларга ўқитиш. Муҳтож оилаларга 50 минг гектар ер ажратиш, кичик ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар бериш.
2025 йилда 1 миллион кишини камбағалликдан чиқариш.
2030 йилгача ишсизлик даражасини 5−6 фоиз даражасида ушлаб туриш чора-тадбирлари.
Меҳнат миграцияси
Мигрантларни касб-ҳунар ва тилларга ўқитиш учун шарт-шароитлар яратиш.
2025 йилда иқтисодий ривожланган 21 мамлакатда 200 минг фуқарони иш билан таъминлаш.
Хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш
2025 йилда 600 мингдан ортиқ хотин-қизларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш.
Ўзбекистоннинг халқаро гендер рейтинглардаги ўрнини ошириш.
Ҳар йили 2 миллион нафар ёшларнинг салоҳияти ва қобилиятини ривожлантириш, уларнинг 500 нафарини хорижда ўқитиш.
1,8 миллион ёшни ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари.
Креатив иқтисодиёт паркларини ташкил этиш.
Экология
2025 — 2027 йилларда 120 та йирик саноат корхонасига чанг ва газдан тозалаш қурилмалари ўрнатилади.
1000 дан ортиқ саноат корхоналари ва уларга туташ ҳудудларда «яшил белбоғлар» барпо этиш учун 10 миллион туп кўчат экилади.
2030 йилга бориб мамлакатдаги кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизга етказиш режалаштирилган.
«Яшил макон» лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиш, Оролбўйида 2,3 миллион гектар майдонда яшилликни тиклаш.
Барча ҳудудларда маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, электр энергияси ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга оширилади.
Мудофаа ва хавфсизлик
«Хавфсиз шаҳар» концепциясини амалга ошириш ва мудофаа саноатини ривожлантириш.
Жамоат тартиби ва мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш.
Абдулла Арипов сўзининг якунида президент ҳукумат учун устувор стратегик вазифаларни белгилаб берганини таъкидлади.
«Шу асосда биз ҳаракатлар дастурини бойитамиз ва такомиллаштирамиз. Барча топшириқларингизни сўзсиз бажариш учун бор имконият ва салоҳиятимизни ишга соламиз. Ҳукумат олдига қўйилган вазифаларни бажариш учун барча даражадаги барча ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарали ташкил этилади, раҳбарларнинг масъулияти ва шахсий ҳисобдорлиги кучайтирилади. Ҳукумат фаолияти сиз белгилаган мутлақо янги тизим асосида қурилади», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, «Ҳукуматни халқнинг чинакам хизматчисига айлантириш ва оддий одамларнинг ташвиш ва муаммоларини ҳал қилиш ишимизнинг асосий мезони бўлиб қолади».
Эслатиб ўтамиз, 21 январь куни Қонунчилик палатаси президент томонидан Ўзбекистон ҳукумати аъзолигига кўрсатилган номзодларни маъқуллади. Ўзбекистон Президенти уларни тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг амалдаги таркиби ўзгармади (рўйхат).
20 январь куни президент аввалги ҳукумат фаолиятига баҳо бериб, келгуси беш йилга мўлжалланган устувор вазифаларни белгилаб берди. 2030 йилга бориб мамлакат ялпи ички маҳсулотини 160 миллиард долларга етказиш, инфляцияни 5−6 фоиз даражасида ушлаб туриш, 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш, ижтимоий соҳада ислоҳотлар ўтказиш ва бошқалар шулар жумласидандир.