Uzbekistan Airports компанияси ўзининг ижтимоий сиёсати доирасида илк бор саккиз нафар эшитишида ногиронлиги бор кишини иш билан таъминлади. Улар «Тошкент» аэропортида фаолият юритувчи Uzbekistan Airports Handling экспедиторлик компаниясининг аэропорт терминали хизматига юк аравачаси оператори сифатида ишга қабул қилинди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Аэропортда Ўзбекистон карлар жамияти раҳбари Гўзал Шодиева ва Авиация ишчилари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Улуғбек Назиров иштирокида янги ходимларни ишга қабул қилишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Уларга касаба уюшма аъзоси гувоҳномалари топширилди.
Ўзбекистон аэропортлари ва Карлар жамияти вакиллари фронтлайн персоналларни (йўловчилар билан бевосита ишловчи ходимлар), жумладан, йўловчи ташиш хизмати ходимлари ва ахборотни қўллаб-қувватлаш агентларини имо-ишора тилига ўқитишга келишиб олди.
«Бу компания учун ногиронлиги бўлган шахсларга қулай муҳит яратиш бўйича муҳим ташаббусдир», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкент халқаро аэропортидаги реконструкция доирасида ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус жиҳозлар ўрнатилаётгани хабар қилинганди. Бунда кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун тифлотехник воситалар, тактил пиктограммалар, товуш ва тактил мимик диаграммалар, ахборот воситалари, ёрдам чақириш тугмалари жойлаштирилмоқда.