«Баҳор» боғдорчилик-узумчилик ширкати (БУШ) Оҳаргарон дарёсининг қуриган ўзани ва суғориладиган далалар орасида жойлашган. Бу ердан, тақиқланганига қарамай, шағал қазиб олинади. Майдалаш машиналарининг овози итларнинг вовуллаши билан қоришиб кетади. Маҳаллага олиб борувчи йўлнинг ўзида ўнлаб итларга кўзингиз тушади. БУШ аҳолисининг сўзларига кўра, атрофда итларнинг кўплаб тўдалари бор.

«Баҳор» БУШ яқинида шағал қазиб олиш жараёни.«Баҳор» БУШ яқинида шағал қазиб олиш жараёни.

«Бу ерлар ёввойи — атрофда тулкилар, тўқай мушуклари, шоқол (чиябўри)лар югуриб юради», — дейди Андрей Змеинский. Маҳаллада итлар отилган 12 ноябрь куни унинг Кики лақабли тўрт ёшли ити ўлган, унинг тенгдоши ҳисобланган Жесси эса бошидан яраланган. 22 ноябрга ўтар кечаси у ҳам ўлган.

Жессининг бош суяги рентген сурати. Фото: Андрей Змеинский.Жессининг бош суяги рентген сурати. Фото: Андрей Змеинский.

Андрей Змеинский икки йил аввал рафиқаси Екатерина билан бирга «Баҳор» БУШидан дала-ҳовли сотиб олган. Ҳовли итлар учун харид қилинган эди. Эр-хотин волонтёрлик билан шуғулланади: Нурафшон ва Пискент ободонлаштириш хизматлари томонидан тутилган дайди итларни қабул қилиб олиб, уларга паспорт расмийлаштиради, вакцинациядан ўтказади, стерилизация қилади (бичади) ва Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги «Ҳаёт» омонхонасига юборади. Оғир яраланган ёки хаста итларни эса дала-ҳовлига олиб келиб, даволайди. Итлар соғайиб кетса, яна Қибрайдаги омонхонага юборади.

Маҳаллий аҳоли сўзларига кўра, отув ҳақида улар олдиндан огоҳлантирилмаган. БУШ раиси Виталий Ерёменконинг қайд этишича, у ширкатга раҳбарлик қилаётган ўтган саккиз йил давомида бирор марта бундай ҳодиса юз бермаган эди. Шу ерда яшовчи Гулчеҳра Рустамованинг айтишича, бу ҳодиса арафасида Пискент тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи келиб, «итларни отса бўладими?», деб сўраб кетган. Бироқ бошқармадагилар «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда гап фақат итларни тутиш ҳақида борганини таъкидлади.

Виталий Ерёменко. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Виталий Ерёменко. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Итларга қарата ким ўт очганини аҳоли ҳали ҳам билмайди. Ўқотарларни овчилар дейишяпти. Тошкент вилояти ИИББ итларни отганлардан қуроллар олиб қўйилгани ҳақида ахборот берган.

«Бу отувда кишини энг ғазаблантирадигани — бу ҳаракат қотиллик бўлганидир, — дейди Андрей Змеинский. — Улар ўқ узаётганида кулиб тургани ғазаблантирди. Бу итлар кимники экани — меникими, бировникими — аҳамиятсиз, содир бўлган воқеа қотиллик эди».

Змеинскийлар ўлган итларини ҳали ҳам кўммаган. Эр-хотин итлар ўқдан ярадор бўлгани тасдиқланиши учун экспертиза ўтказилишидан умидвор бўлиб турибди.

Екатерина Змеинская 12 ноябрь куни отилган Кики лақабли ити билан. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Екатерина Змеинская 12 ноябрь куни отилган Кики лақабли ити билан. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

БУШдагилар итларни отишга ким буйруқ бергани ва нима учун итларга қарши айнан шу йўсинда курашишга қарор қилинганидан ҳам бехабар. Одамлар яшайдиган маҳаллада ҳеч бир огоҳлантиришсиз ўт очишга нима сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги аҳолига айтилмаяпти. Аммо ширкат аҳли ҳодисага жасади 10 ноябрь шу ердаги хонадонларнинг биридан топилган аёл ўлими сабаб бўлган бўлиши мумкин, деб тахмин қиляпти.

62 ёшли марҳуманинг иккинчи гуруҳ ногиронлиги бор эди, дейди унинг дугонаси Ольга Бондарук «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда. У икки йил аввал сон суягидан жароҳатланган. Жарроҳлар унинг чаноқ-сон бўғимига эндопротез қўйган, аммо у барибир юришга қийналарди. Ольга дугонаси билан охирги марта 2 ноябрь куни телефон орқали гаплашган. Ўша куни унинг уйига Ольганинг таниши борган бўлган.

«Дугонам телефонини қаергадир олиб қўйиб, шу билан топа олмаган. Танишим бориб, унинг телефонини қидирган. Унинг иккита итини боқиб, уйини оз-моз йиғиштирган, амом телефонни барибир тополмаган, — дейди Ольга Бондарук. — Унинг мушуклари жуда кўп эди. 30 тача бор эди-ёв. Бир қисми ўзи билан уйда, қолгани ташқарида яшарди. Оилавий ҳайдовчиси уларга егулик, сув олиб келиб турарди. Ҳайдовчи 10 ноябрда яна келган. Ташқаридан дугонамни чақирган — жимжитлик. Сўнг унинг эри — Толикка телефон қилган. Анатолий Иванович эса менга қўнғироқ қилди. Мен аввалига у телефонини топиб, ўзига „тез ёрдам“ чақирган, деб ўйладим. Сўнг ҳайдовчи итлар ғажиб бўлаётган битта суякни топиб олган. Жуда даҳшатли вазият. У, катта эҳтимол билан, итлар уни еб қўйгунича вафот этган, деган ўй менга бироз бўлса-да тинчлик беради. Бу ишни унинг итлари қилган, деб ўйламайман, чунки унинг итлари тажовузкор эмасди. Битта ити жуда қари эди, ҳатто вовулламасди ҳам. Тахминимча, бу ишни ё шоқоллар, ё бегона итлар қилган».

Ольга Бондарук дугонасининг ўлими тафсилотларини 10 ноябрь куни ундан кўрсатма олган терговчилардан билган. Марҳуманинг фуқаролик турмуш ўртоғи Анатолий Ивановичнинг «Газета.uz»га таъкидлашича, у юз берган ҳодиса ҳақида «БУШ аҳлидан ортиқ билмайди», чунки бир неча ой аввал у инфарктга чалинган ва шундан бери қимирламай ётади.

Терговчи Асилбек Исломбеков, шунингдек, ўз исмини ошкор этишни истамаган Пискент туман жиноят-қидирув бўлими бошлиғи вазият юзасидан «Газета.uz»га изоҳ беришдан бош тортди. Терговчининг маълум қилишича, марҳуманинг иши бўйича яқин вақт ичида суд бўлади.

Мутахассислар ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати бошлиғи Бобур Тўлагановга мурожаат этишни тавсия қилди.

«Маҳалланинг бир тарафи — очиқ дала, — дейди Бобур Тўлаганов. — Маҳаллий аҳоли: „У ердан қутурган итлар келиб, болаларга ҳужум қиляпти, тинмай увиллаяпти“, деб шикоят қилган, бир-икки хонадон овчи билан [итларни отиш бўйича] келишган. Сўнг ўша овчи ўз таниши билан бирга ёш болаларга ҳужум қилаётган итни топиб отган, тамом. Бизга, шахсан менга бу ҳақда ҳеч нарса маълум эмас. Кимдир уйида ё кўчада ўлиб қолгани ва унинг ўлигини итлар, мушуклар, каламушлар егани — бунақа нарса бўлмаган. У воқеа билан ит отилиши ҳодисаси ўртасида ҳам боғлиқлик йўқ. Ҳатто шундай воқеа бўлган бўлса ҳам, буни прокуратурадан сўраш керак, бунақа ишлар билан прокуратура шуғулланади. Лекин итнинг отилиши ҳолати билан ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ».

Кузатув камерасидан олинган кадр. Видеони Екатерина Змеинская эълон қилган.Кузатув камерасидан олинган кадр. Видеони Екатерина Змеинская эълон қилган.

Таҳририят сўровига жавобан Бобур Тўлаганов «Севимли» телеканалининг «Замон» информацион дастури томонидан тайёрланган лавҳани ҳам юборди. Ролик бошида ўтган йили 62 ёшли Стелла Мирошниченко мўъжиза туфайли итлар галасининг ҳужумидан омон қолгани айтилади. Унинг танасида кўплаб чандиқлар қолган.

«Ҳаммаёғим тишланган: мана, мана, мана. Нима ҳам қила олардим», — дейди аёл.

Вафот этган аёлнинг исми ҳам Стелла Мирошниченко эди. Унинг эри, Анатолий Ивановичнинг айтишича, телеканал лавҳасида унинг марҳум рафиқаси исми-шарифи билан аслида «Баҳор» БУШда яшовчи Анна Алексеевна кўрсатилган. Бу маълумотни Стелла Мирошниченконинг дугонаси Ольга Бондарук ҳам, қўшниси Эльмира Гумарова ҳам «Газета.uz»га тасдиқлади.

«Стелла ўлган, шундан сўнг уни ҳайвонлар еб қўйган. Видеода эса Анна кўрсатилган (фамилиясини билмайман). Уни ҳайвонлар икки марта тишлаган. Стелла мендан учта уй нарида яшарди», — дейди Эльмира Гумарова.

«У ўзини Ўртасаройдаги қабристонга, онасининг ёнига қўйишларини хоҳлашини айтганди, — деди Ольга Бондарук. — Биз онасининг қабрига уч йил аввал, операциясидан аввал боргандик. Терговчилар тана қолдиқлари қариндошларига берилишини айтди, аммо Стелланинг ўғли ва қизи Россияда яшайди. Улар фақат интернет орқали гаплашарди. Толик билан қонуний никоҳдан ўтмаган бўлса-да, 17 йилдан бери бирга яшашарди. Ҳозир ҳамма шокда, ҳамма итлардан қўрқиб юрибди. Қиш яқин, итлар оч қолиб, тўдалаша бошлайди. Участкавойимиз итларни ё тутишга, ё отишга ваъда берди».

«Уни итлар егани аниқ эмас. Бу ерда шоқоллар кўп. Бир ёнда дарё, бошқа тараф — дала. Бу шоқолларнинг яшаш макони», — деди «Баҳор» БУШ раиси Виталий Ерёменко. Ширкатда яшовчи бошқалар ҳам унинг фикрига қўшилди.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг тузилмалари ҳам Стелла Мирошниченконинг ўлими ва итларнинг отилиши орасидаги боғлиқликни тасдиқламади.

«Биз миш-мишлар юзасидан изоҳ бермаймиз, — деди ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов «Газета.uz»га жавоб бераркан. — Одамлар ўлими билан боғлиқ ишларни прокуратура кўриб чиқади».

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Пискент туманида яшаган фуқаро Стелла Мирошниченконинг ўлими юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

«Туман прокуратураси томонидан итларни отишга кўрсатма берилмаган», — деди Ҳаёт Шамсутдинов.

Аҳолининг сўзларига кўра, «Баҳор» ширкатида итларни отиш Стелла Мирошниченконинг тана қолдиқлари топилганининг эртасига бошланган. Уларнинг айтишича, отув икки кун давом этган.

«Отиш бошланган вақти эрим билан ташқарида ўтиргандим. Итлар увиллаворди. 11 ноябрь куни, соат тахминан 14:30 ларда. Мен ИИБ ходимлари отяпти, деб ўйладим. Қандайдир тажовузкор итлар, шекилли, деб ўйладим, чунки дарё тарафдан шунақалари онда-сонда келиб турарди. Ходимлар итларни деб марҳуманинг уйига киролмаяпти, деб ўйладик. Нега отяпсизлар, деб чиқмадик», — дейди Эльмира Гумарова.

«Баҳор» боғдорчилик-узумчилик ширкати аҳолиси. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».«Баҳор» боғдорчилик-узумчилик ширкати аҳолиси. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

«Ўқ овозларини биринчи эшитганимда портлаш бўлди, деб ўйладим. Уйда эдим, — деб эслайди Екатерина Змеинская. — Жуда қўрқинчли бўлди. Ойналар ларзага кетди. Ташқарига чиққанимда қўрқувим янада ошди, чунки шундай бақир-чақир бўлаётгандики. Улар давлат рақами яшириб қўйилган юк машинасидан туриб, худди фашистлардек отаётганди. Улар уйлар томонга, одамлар бор томонга қараб ўқ узаётганди. Кўп қўшнилар итларини кўчага чиқариб қўяди, улар дарвоза тагида ётади».

Екатерина Змеинская. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Екатерина Змеинская. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Маҳаллада жами қанча ит отилганини аҳоли билмайди. Эльмира Гумарованинг айтишича, Змеинскийларнинг иккита итидан ташқари номаълум шахслар қўшнисининг кучуклари ва итини ҳам отиб кетган.

«Мен камерадаги ёзувларни кўриб чиқдим, аммо менда ўша кадр йўқ, чунки унинг ҳовлиси сал нарироқда. Аммо аҳоли яшаш пунктида огоҳлантиришсиз ўқ узишга йўл қўйиб бўлмайди. „Оғайнилар, биз бу итларни эплай олмаяпмиз, вазият жиддий, бу сўнгги чора“, деб огоҳлантиришганида ҳам бир нави эди… Оддий қилиб ширкат раиси Виталикка айтиб қўйса ҳам бўларди, у одамларга ўзи етказарди, чунки барибир аҳоли пунктида отишма қилиш — мутлақо чидаб бўлмас ҳолат», — деди Эльмира Гумарова.

«Уй ичида гўёки одам жасадини еган итларни тутиб, Пискентдаги ветеринария бўлимига олиб кетишган, дейишди. Лекин биз икки кундан кейин у ерга борганимизда, у ерда итлар йўқ эди», — дейди Андрей Змеинский.

Андрей Змеинский қутқариб қолинган итлар билан. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Андрей Змеинский қутқариб қолинган итлар билан. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Пискент тумани ободонлаштириш бошқармаси ҳузуридаги дайди ҳайвонларни тутиш отряди ходими Жасур Расуловнинг «Газета.uz»га айтишича, у итлар отилган куни «Баҳор» БУШга итларни тутиш учунгина борган. У итларни тутиш учун ўз раҳбариятидан топшириқ олган. Итларни ким отганини билмайди.

Овчилар итларни отиб кетган юк машинаси. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Овчилар итларни отиб кетган юк машинаси. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғининг «Газета.uz»га маълум қилишича, БУШ аҳолисидан дайди итлар масаласида кўплаб шикоятлар тушган. «Отиш ҳақида гап бўлгани йўқ. Биз итларни тутганмиз», — деди ТОБ бошлиғи.

Тутиш отряди ходими Жасур Расуловнинг қайд этишича, у, тахминларга кўра, аёлнинг жасадини еган учта ит ва битта мушукни тутган. У ҳайвонларни туман ветеринария станциясига топширган.

Станция бошлиғи Воҳид Шукуровнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, тирик итлар ва мушукни омборга жойлаштиришган, аммо эшик яхши ёпилмагани учун ҳайвонлар қочиб кетган. Улар билан бирга тўртта отилган итнинг ўлиги ҳам олиб келинган.

Андрей Змеинский Пискент тумани ветеринария станциясидаги ҳайвонлар сақланадиган омбор олдида.Андрей Змеинский Пискент тумани ветеринария станциясидаги ҳайвонлар сақланадиган омбор олдида.

«ИИБдан келган хато бор. Унда ўлган ҳайвонларни ёриб, уларнинг овқат ҳазм қилиш тизимидан олинган намуналарни Тошкент вилояти ветеринария станциясига юбориш вазифаси қўйилган, вилоятдагилар эса ҳайвонлар органларидан олинган бу намуналарда одам гўшти борми-йўқми, шуни топиб бериши керак. Биз ўлган ҳайвонларни текширолмаймиз. Вилоят ветстанцияси ўрганиш натижаларини терговни олиб бораётган прокуратурага юбориши керак эди», — деди Воҳид Шукуров. «Газета.uz» текширув натижаларини билиш мақсадида вилоят ветстанцияси билан боғлана олмади.

Шу ўринда Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати бошлиғи Бобур Тўлагановдан юқорида келтирилган иқтибосни яна бир бор эслатиб ўтамиз:

«Бизга, шахсан менга бу ҳақда ҳеч нарса маълум эмас. Кимдир уйида ё кўчада ўлиб қолгани ва унинг ўлигини итлар, мушуклар, каламушлар егани — бунақа нарса бўлмаган. У воқеа билан ит отилиши ҳодисаси ўртасида ҳам боғлиқлик йўқ. Ҳатто шундай воқеа бўлган бўлса ҳам, буни прокуратурадан сўраш керак, бунақа ишлар билан прокуратура шуғулланади. Лекин итнинг отилиши ҳолати билан ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ».

Пискентда «тутқунлик»да сақланаётган итлар. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Пискентда «тутқунлик»да сақланаётган итлар. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Одам гўштини бир марта еб кўрган ҳайвон кейинчалик одамларга ташлана бошлайди, шу сабабли ҳам бундай ҳайвонлар аҳолига хавф туғдиради, деган хурофий бир фикр бор. Аммо Тошкент ҳайвонот боғининг бош ветеринар шифокори Маҳмуд Қўзибоев «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда бундай стереотипларни рад этди.

«Ҳайвонлар ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Катта эҳтимол билан, у аллақачон ўлик бўлган. Шоқоллар тирик одамларга ҳужум қилмайди, чунки улар кичкина. Агар улар чорасиз қолган бўлса, масалан, оч бўлса, албатта, ҳужум қилиши мумкин, айниқса, тўда бўлиб, лекин шунда ҳам бу ишни аҳоли пунктида қилмайди. Мушук ва итлар-ку умуман бундай қилмайди», — деди Маҳмуд Қўзибоев.

итлар, пискент, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, ҳайвонларни тутиш, ҳайвонларни ушлаш хизмати, ҳайвонларни ҳимоя қилиш, ҳодисалар

«Баҳор» БУШ аҳолиси ҳудудда дайди итлар муаммоси борлигини тан олади. Аммо бу муаммонинг келиб чиқишига фақат одамлар ва уларнинг ҳайвонларга нисбатан масъулиятсиз муносабати сабабчи.

«Итлар билан боғлиқ муаммо борлигини ҳеч ким инкор этмайди. Биз бу ерда фақат бахтиқаро Бобиклар югуриб юрибди, демоқчи эмасмиз, — дейди Эльмира Гумарова. — Энг хавфли итларнинг катта қисми дарё бўйида. Тўқай ичида жуда катта итлар бор. Улар уёқда нима еб ётгани ёлғиз Яратганга аён. Айтишларича, марҳуманинг бош суягини ҳам дарё бўйидан топишибди. Эгаси бор ит егулигини бунчалик узоққа олиб кетмайди».

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Аҳолининг сўзларига кўра, шоқоллар макон тутган жойларда итсиз яшаш имконсиз.

«Биз чиябўриларнинг овозини эшитамиз. Улар товуқларни ўғирлайди. Бу муаммони итлар ҳал қилади. Агар ит бўлса, шоқолларни отмаса ҳам бўлади», — дейди БУШ раиси Виталий Ерёменко.

Аҳолининг қайд этишича, «Баҳор» ширкатининг йирик аҳоли пунктларидан узоқлиги ҳамда дарё ва далаларга яқинлиги қўлини қонга ботирмай, уй ҳайвонидан қутулиш ниятидагилар учун зўр жой. Ширкатда яшовчи Алёна Каравайкинанинг айтишича, у бир неча бор қопга солинган мушукча ва кучукчаларни топиб олган: одамлар яқинда туғилган ҳайвончаларни машиналарда олиб келиб, шу ерга ташлаб кетган, чунки уларнинг туғишини назорат қилмайди.

Алёна Каравайкина. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Алёна Каравайкина. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

«Мен ҳайвонларнинг эгаларини жазолаш кераклиги ҳақида бир неча бор айтганман. Нафақат бизда, умуман шундай муаммо бор — одамлар бир мавсум боқиб, сўнг итларни ташлаб кетади. Боқади-да, кейин бу „ўйин“ жонига тегиб қолади, — дейди Эльмира Гумарова. — Мен мартдан бери шу ерда доимий яшаяпман. Бир мавсум ичида итлар кўпайганини, янги қиёфалар қўшилганини сезяпман. Одамлар ит ва мушукларни шунчаки ташлаб кетяпти. Жавобгарлик йўқ ва мана шу энг катта муаммо. Бу итлар эса бу ерда дайдийди, бошқаси билан қўшилади ва биз охир-оқибат хавфга айланадиган назоратсиз популяцияга дуч келамиз. Мен, масалан, ҳар эҳтимолга қарши кечаси кўчада юрмасликка ёки мен танимайдиган итлар юрадиган кўчаларда юрмасликка ҳаракат қиламан. Муаммо бор ва унга, аввало, одамлар сабабчи».

Бундан ташқари, дала-ҳовлиларнинг эгалари ёзги мавсум тугаши билан шаҳарга қайтаркан, итларини шунчаки кўчада қолдириб кетиши ҳам мумкин. Уларни боқиб туришга ҳаракат қилишади, аммо итлар популяцияси устидан назоратнинг йўқлиги боис улар назоратсиз кўпайишига сабаб бўлади.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

«Шов-шувга айланган бу ҳодисанинг ҳам ўзига яраша фойдаси бор, — деб ҳисоблайди Эльмира Гумарова. — Бу ҳодиса одамлар итларини ташлаб кетаётгани, уларнинг кўпайиши, вакцинацияси назорат қилинмаётгани билан боғлиқ муаммони кўрсатиб берди. Агар Андрей [Змеинский] бирор итни олса, уни вакцинация қилади, паспортини тўғрилайди. Шундан сўнг у итнинг ўзига хос қандайдир йўли бўлади, кўчада қолмайди. Бу ҳодиса ҳайвонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва омонхоналарга доир қонунчилик масаласини ҳам кўтарди».

Екатерина Змеинскаянинг сўзларига кўра, у Қибрайдаги итларга мўлжалланган «Ҳаёт» омонхонаси асосчиси билан бирга, ушбу муассасанинг Пискентдаги филиалини очиш ниятида. У ҳозирча итларни Қибрайга ташияпти, аммо «Ҳаёт»даги итлар сони аллақачон 10 мингдан ошиб кетган. Мазкур омонхонадаги шароитларни кўплаб ҳайвон ҳуқуқи ҳимоячилари қоралайди, аммо мамлакатда уйсиз жониворларнинг ҳаёти ва кўпайиши устидан мақбул ва инсоний назорат йўқлиги шароитида, «Ҳаёт»даги аҳвол унчалик ҳам ёмондек кўринмайди. 2023 йил ноябрида «Ҳаёт» омонхонасига Чирчиқ остонасида филиал қуриш учун ер ажратилиши ваъда қилинган эди, аммо иш қачон бошланиши ҳақида ҳали гап-сўз йўқ.

2019 йили «Газета.uz» Ўзбекистонда ҳайвонларни тутиш тизимини таҳлил қилган эди. Тутиш хизматлари мушук ва кучукларни стерилизация қилмайди, эмламайди ва овқатлантирмайди. Айни вақтда, тутиш хизматларининг ишини тартибга солувчи ҳукумат қарорига мувофиқ, ҳайвонлар фақат 5 кун давомида сақлаб турилади. Ундан кейин уларнинг ҳоли қандай кечиши — номаълум.

итлар, пискент, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, ҳайвонларни тутиш, ҳайвонларни ушлаш хизмати, ҳайвонларни ҳимоя қилиш, ҳодисалар

2019 йили Ўзбекистон президенти қаровсиз ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ фаолиятни такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Тизимни ислоҳ қилиш, ҳайвонпарварлаштириш кўзда тутилган эди.

Ўшанда Давлат экология қўмитаси (ҳозирги Экология вазирлиги) томонидан тайёрланган ҳукумат қарори лойиҳаси ҳам эълон қилинганди. Унда қаровсиз ҳайвонларни тутиш отрядларини ҳокимликлар ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаларининг қаровсиз ҳайвонларни қутқариш хизматига айлантириш, шунингдек, ихтисослашган омонхоналарни қуриш учун ер участкаларини ажратиш таклиф қилинган эди.

Юқорида саналган режаларга қарамай, ҳайвонларни тутиш хизматларининг фаолиятини такомиллаштириш соҳасида, умуман, бу соҳани ислоҳ қилиш йўлида ўзгаришлар бўлгани йўқ. Ҳайвонларни тутиш хизматлари ҳали ҳам эски қарор асосида ишлашда давом этяпти.