Жаҳон болалар куни муносабати билан ЮНИСЕФ ва ҳамкорлар болаларга нисбатан озодликдан маҳрум қилишнинг ўрнига муқобил адолатли судлов вариантларини таклиф қиладиган ислоҳотларни амалга оширишга ҳамда Ўзбекистонда озодликдан маҳрум қилишни фақатгина сўнгги чора сифатида қўллашга чорлади.
Ушбу чақириқ Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, болалар омбудсмани ва ЮНИСEФ томонидан ташкил этилган давра суҳбатида эълон қилинди. Бу ҳақда БМТ Болалар жамғармаси ахборот хизмати хабар берди.
Ўзбекистонда болалар учун жиноий одил судловни амалга ошириш бўйича халқаро стандартларни жорий этиш ва тарғиб қилиш, шунингдек, ислоҳотлар одил судловни болалар учун қанчалик адолатли ва хавфсиз қилиши мумкинлиги ҳақида хабардорликни ошириш тадбирда муҳокама қилинган асосий масалалар бўлди.
Ҳозирда Ўзбекистонда болаларга катталар билан бир хил жазо турлари, жумладан, жарима, жамоат ишлари ва ҳатто озодликдан маҳрум этиш ҳам қўлланилади. Кўпгина мамлакатларда қонунлар ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этган болаларга судлов жараёнидан ўтиш ўрнига ўз ҳаётини тиклаш ва жамиятга қайта интеграцияси учун имконият бериб, уларни қўллаб-қувватлайди, дейилади хабарда.
«ЮНИСЕФ суд жараёнларида иштирок этаётган болалар учун хоҳ жабрланувчи, хоҳ гувоҳ ёки жиноятда айбланувчи сифатида бўлсин, катталар учун мўлжалланган тизимлар эмас, балки уларнинг фаровонлигини ҳимоя қилувчи жиноий адлия тизимлари зарур деб ҳисоблайди», — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижио.
БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Ўзбекистонга ҳибсга олиш ўрнига маслаҳат, воситачилик ва жамоат ишлари каби чораларни жорий этишни тавсия қилган. Ҳозирда Ўзбекистон ҳуқуқ тизимида болалар учун фақат чекланган муқобил чоралар мавжуд.
«Озодликдан маҳрум қилишдан бошқа вариантлар бўлиши муҳим», — деди халқаро судья, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг собиқ раиси Ренате Винтёр. «Озодликдан маҳрум қилиш сўнгги чора бўлиб, фақат зарурат туғилганда қўлланилиши ва мунтазам равишда қайта кўриб чиқилиши керак».
«Биз болаларга қонун билан зиддиятли вазиятларда ёки уларнинг ҳуқуқлари бузилган ҳолларда ўзларини хавфсиз ҳис қилишига имкон берувчи самарали, болаларга дўстона одил судлов тизимини илгари сурамиз. Боланинг энг устун манфаатларига таянган бундай ёндашув фақат ниҳоятда кам ҳолларда болани ушлаб туришга йўл қўяди», — деди Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Сурайё Раҳмонова.
Давра суҳбати иштирокчилари қонун билан зиддиятда бўлган болаларга нисбатан жамоатчилик асосидаги чора-тадбирларни Ўзбекистон миллий қонунчилигига қандай киритиш, бу ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш бўйича фикр алмашди.