Бразилия федерал полицияси республиканинг собиқ президенти Жаир Болсонару ва яна 36 кишини 2022 йилги президент сайловларидан кейин давлат тўнтаришига уринишда айбламоқда, деб хабар берди CNN.
Юзлаб саҳифадан иборат айблов хулосасига кўра, фитнада гумонланувчилар мамлакатнинг ўша пайтдаги сайланган президенти Луис Инасиу Лула да Силва, вице-президент Жералду Алкмин ва Олий суд судьяси Александр де Мораэсни ўлдиришни режалаштирган.
Тахмин қилинаётган фитначилар сиёсий қотилликнинг турли усулларини кўриб чиққан: заҳардан тортиб портлатиш қурилмаларигача. Улар инқирозга қарши институционал бошқармани ташкил этиш орқали жиноятларнинг оқибатларини яширишни режалаштирган.
Полиция маълумотларига кўра, Болсонару режадан «тўлиқ хабардор эди». Ҳисоботларда таъкидланишича, у 2022 йил декабрь ойида армия ва флот вакиллари билан учрашиб, уларга қонуний равишда ҳокимиятда қолишига имкон берадиган режани тақдим этган.
Айбланувчилар орасида Болсонарунинг собиқ ёрдамчилари, бир неча истеъфодаги генераллар, собиқ мудофаа вазири, собиқ адлия вазири, президент хавфсизлик хизматининг собиқ бошлиғи, ҳарбий хизматчилар ва бошқалар бор.
Ушбу ҳафтанинг бошида тергов доирасида беш киши, жумладан, Болсонарунинг собиқ маслаҳатчиси ҳибсга олинган эди.
Полиция айблов хулосасини Бразилия Олий судига юборди, у ердан уни расмий айбловлар қўйиш ёки терговни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилиши керак бўлган бош прокурор олади. Агар айбловлар қўйилса, суд жараёни келгуси йилда ўтказилиши кутилмоқда, деб тушунтиради CNN.
Болсонарунинг ўзи Луланинг ғалабасидан кейин ҳокимиятда қолишга ҳаракат қилгани ҳақидаги гапларни бир неча бор рад этган.
Жаир Болсонару 2019 йилдан 2022 йилгача Бразилия президенти бўлган. У бундан икки йил муқаддам сайловда Лула да Силвага ютқазиб қўйганди. Сиёсатчи мағлубиятини тан олмаган, лекин лавозимини тарк этган. 2023 йил январь ойи бошида натижалардан норози Болсонару тарафдорлари Бразилия пойтахтида норозилик намойишлари ва тартибсизликлар уюштирган, жумладан, ҳукумат биноларини эгаллаб олишга уринган.