14 ноябрь куни «Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони [ПФ-185-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар қилди.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб:

  • меҳрибонлик уйлари ва болалар уйларига кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини вақтинчалик қабул қилиш тартиби бекор қилинади;
  • етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга таълим олиш, бандлигини таъминлаш, даволаниш ҳамда уй-жой шароитларини яхшилаш учун ижтимоий ёрдам кўрсатилади;
  • тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсларига етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка олиш истагини билдирган номзодлар ҳам қамраб олинади;
  • босқичма-босқич Андижон вилояти, Тошкент шаҳри ҳамда Самарқанд вилоятида кичик ҳажмли болалар уйи ташкил этилади;
  • «Меҳр дафтари» жамғармалари тугатилади.

2025 йил 1 февралдан бошлаб фарзандини тарбиялашдан воз кечмоқчи бўлган оналар, шу жумладан, ҳомиладор аёллар учун болалар уйларида «Оналар маскани» хизмати йўлга қўйилади.

«Оналар маскани»да:

  • оналар ва уларнинг болалари (4 ёшга тўлмаган) 1 йилгача бўлган муддатга ижтимоий шартнома асосида вақтинча бошпана билан таъминланади;
  • ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар кўрсатилади, оналик ва касбий кўникмалар шакллантирилади;
  • оналарнинг касб-ҳунар эгаллаши ва бандлигини таъминлашга кўмаклашади.

Фармон билан 2025 йил 1 мартдан бошлаб ёлғиз она (ота)га бир нафар фарзанди учун бола (лар) 3 ёшга тўлгунига қадар мактабгача таълим хизматидан фойдаланиш учун БҲМнинг 1 ярим бараваригача (562 минг 500 сўмгача) миқдорда моддий ёрдам берилади (бунда моддий ёрдам эгизакларнинг ҳар бири учун берилади).

2025 йил 1 февралдан бошлаб:

  • оилавий болалар уйини ташкил этиш учун оиланинг эр ва хотиндан иборат тўлиқ оила бўлиши талаби бекор қилинади;
  • 30 ёшга тўлган фуқароларга оилавий болалар уйини ташкил этишга рухсат этилади;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар оилага тарбияга (патронат) фақат уларнинг қариндошларига берилади;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг яшаш харажатлари, оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларга болани тарбиялагани (парваришлагани) учун ажратиладиган маблағлар тарбияланувчилар умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасаларини тамомлагунига қадар берилади.

Фармон билан «Инсон» марказлари боланинг соғлиғини тиклаш ва реабилитацияси учун қўшимча харажатларни бола фойдасига ундириш бўйича судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилди.

Эндиликда алимент тўлаётган ота ёки онанинг моддий аҳволидан қатъи назар давлат ёки нодавлат муассасаларнинг тўлиқ таъминотида бўлган вояга етмаган болага тўланаётган алимент миқдорини суд томонидан камайтириш ёки уни алимент тўлашдан озод қилинмайди.

Олий таълим муассасаларини тамомлаган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар давлат фуқаролик хизматига танловсиз қабул қилинади.