Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри ва Янгийўл туманида қонун бузилиши ҳолатларини аниқлади, деб хабар бермоқда ташкилот матбуот хизмати.

ДХХнинг ҳудудий бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбирлар ўтказилган. Улардан бирида «Тошкент вилояти сув таъминоти»нинг Абонентлар бошқармаси мутахассиси Х.А. Олмалиқ шаҳрида жойлашган оилавий поликлиникадаги сув ҳисоблагич ускунасининг тамғаси бузилгани бўйича тузилган далолатномани ва қайта ҳисобланган 204 миллион сўм зарарни ўз ҳамкасби орқали бартараф қилиб беришни айтгани аниқланган. У хизмати эвазига 1600 доллар олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, бошқарманинг мазкур ноқонуний ишга алоқадор бўлган яна бир мутахассиси А.А. ўз хизмати учун ушбу пул маблағидан 1300 долларни олган вақтида қўлга олинди.

Бошқа ҳолатда муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ содир этган жинояти учун ҳозирда ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган Янгийўл туманида яшовчи А.С. (1983 й.т.) қўлга тушди. Маълум бўлишича, у 2021 йил июнида онлайн-аукцион орқали ўзига ва 6 нафар қариндошига деҳқончилик йўналишида фойдаланиш учун 49 йил муддатга ижарага берилган 2,7 гектар ер майдонини шериги билан тил бириктириб, мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 40 минг доллар талаб қилган. Улар олдиндан 5 минг доллар олган вақтида ушланди.

Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.