22 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида блогер ва собиқ депутат Кобул Дусовга оид очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, собиқ депутат устидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Фарҳод Боқиев жабрланувчи сифатида ариза берган. Бу ҳақда блогер Кобул Дусов ҳам ўзининг Telegram каналида пост ёзган. У яна бир қатор постларида ҳам сенатор ҳақида сўзлаб, унинг фаолияти тўғрисида ҳақоратомуз сўзлар ишлатган.

Суд блогерни Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми «а» бандида (Жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

«Суд судланувчининг жиноят содир этишдаги айби жабрланувчининг кўрсатмасидан ташқари, жиноят ишида тўпланган далиллар билан, яъни жабрланувчиларнинг аризаси, тушунтириш хатлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари, судга доир лингвистик экспертизалар хулосалари, ёзувлар скриншоти, Facebook ижтимоий тармоғидаги „Кабул Дусов“ номли профилни ва Telegram мессенжеридаги „Kobul Dusov | RASMIY KANAL“ номли канални кўздан кечириш баённомаси, судга доир комплекс экспертизалар хулосалари ҳамда жиноят иши бўйича барча тўпланган, текширилган, ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланган далиллар билан тўлиқ исботланган деб ҳисоблади», — дейилади Олий суд хабарида.

Келтирилишича, Кобул Дусов сутканинг муайян вақти, яъни кеч соат 21:00 дан эрталабки соат 07:00 га қадар яшаш жойидан чиқиши чекланади ва унга қўшимча равишда интернетдан фойдаланолмайди, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмайди, ҳар ойда бир маротаба яшаш жойи бўйича ИИО ФМБ Пробация бўлимидан рўйхатдан ўтиб туради. Шунингдек, маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмайди.

Олий суд биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилигини эслатди.

Эслатиб ўтамиз, Кобул Дусов 2020 йилда ҳам Халқ таълими вазирлиги тизимини танқид қилгани учун ташкилот билан судлашиб, айтган гаплари учун раддия бериш мажбуриятини олганди.