Ўзбекистондаги йирик корхоналарда газ қазиб олиш 2024 йил октябрь ойида 3,6 миллиард кубометргача қисқарди. Бу «Газета.uz» ўрганган президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг саноат ишлаб чиқариши бўйича ҳисоботидан маълум бўлди.
Бу 2023 йилнинг октябрига (3,79 миллиард) нисбатан 5 фоизга (189,7 миллион кубометр) ва 2022 йилнинг сентябрига (4,23 миллиард) нисбатан 14,8 фоизга камдир.
Январь-октябрь ойларида қазиб олиш ҳажми 37,1 миллиард куб/метрни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,8 фоизга ёки 1,87 миллиард куб/метрга кам. 2019 йилнинг шу даврига (50,1 миллиард) нисбатан пасайиш 13 миллиард куб/метрни ташкил этди. Бу аҳоли томонидан газ истеъмолининг йиллик ҳажмидан (2022 йил учун) кўпдир.
Газ ишлаб чиқаришнинг пасайиши бир неча йилдан бери давом этмоқда. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда электр энергиясининг 70−80 фоизи газ ёқиш ҳисобига ишлаб чиқарилади.
Статистика агентлиги яқинда йирик ва кичик корхоналар кесимида электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича статистик маълумотларни эълон қилишни бошлади. 10 ой ичида ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми 4,7 фоизга ўсиб, 63,7 миллиарддан 66,6 миллиард кВт·соатга етди.
Аксарияти газда (шунингдек, кўмир ва ГЭСларда) ишлайдиган йирик энергия таъминоти корхоналарида электр энергияси ишлаб чиқариш октябрь ойида 5,52 миллиард кВт·соатга тушди, бу ўтган йилнинг октябрь ойига (6,1 миллиард) нисбатан деярли 600 миллион кВт·соат (-9,8 фоиз) камдир.
Январь-октябрь ойларида ишлаб чиқариш 58,8 миллиард кВт/соатгача камайди, бу 2023 йилнинг ўн ойлик кўрсаткичига нисбатан 6,7 фоизга ёки 4,2 миллиард кВт/соатга камдир.
Йўқотишлар қуёш ва шамол электр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш билан қопланмоқда (генерациядаги улуши 11,6 фоизгача ошди) — 7,78 миллиард кВт·соат.
Ойлик нефть қазиб олиш 59,8 минг тоннага тушди (2023 йил октябрь ойига нисбатан -6,4 фоиз, ёки 4100 тонна кам).
10 ой ичида нефть ишлаб чиқариш 602 минг тоннагача (-7,2 фоиз ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 46,4 минг тонна кам) пасайди.
Октябрь ойида 94,9 минг тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилди, бу 2023 йилнинг октябрига (100,3 минг) нисбатан 5,4 фоизга ёки 5,4 минг тоннага камдир. Ўн ойлик таққослашда ҳам пасайиш давом этиб, 1,09 миллион тоннани (-1,5 фоиз) ташкил этди. Умуман олганда, бензин ишлаб чиқариш кетма-кет учинчи ой пасаймоқда.
Ўтган ойда дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш 78 минг тоннадан 81 минг тоннагача кўтарилиб (ўтган йилнинг октябрига нисбатан 3,8 фоиз), 2023 йилнинг январь-октябрь ойлари билан таққослаганда (йилма-йил) 0,6 фоизга ўсиш сақланиб қолмоқда — 858,8 минг тонна. 2023 йилнинг январь-октябрь ойлари билан таққослаганда (йилма-йил) 0,6 фоизга ўсиш сақланиб қолмоқда — 858,8 минг тонна.
Ойлик кўмир қазиб олиш рекордни янгилашда давом этиб, 1,02 миллион тоннага (+360,2 минг) етди, бу ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан 1,5 баравар кўпдир. Йил бошидан буён ишлаб чиқариш 24 фоизга ўсиб, 6,34 миллион тоннани ташкил этди.
«Ўзбекистон-2030» стратегиясига кўра, 2030 йилга қадар Ўзбекистонда газ қазиб олишни 62 миллиард кубометрга етказиш режалаштирилган (лекин сўнгги йилларда бу кўрсаткич пасаймоқда). Аввалроқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов агар Устюрт минтақасида геология-қидирув ишлари кутилган натижаларни бермаса, кўрсатилган йилга келиб импорт 10−11 миллиард кубометрга етиши мумкинлигини маълум қилганди.