21 ноябрь куни президент томонидан имзоланган қонун [ЎРҚ-1004-сон] билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар қилди. Қонун Сенатда 24 октябрь куни маъқулланганди.
Қонун билан амалдаги 2 та кодекс ва 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, Жиноят кодексига ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, электр токини, портловчи, кимёвий моддаларни ёки биологик препаратларни қўллаган ҳолда ов қилиш ёхуд балиқ овлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача (150 млн сўмдан 225 млн сўмгача) жарима белгиланмоқда ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинмоқда, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Оғирлаштирувчи ҳолатларда қўшимча жазо сифатида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси ҳам киритилди.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун кўзда тутилган жарималар миқдори икки бараварга оширилмоқда.
Кимёвий, биологик ва бактериологик воситалардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, бинолар, иншоотлар ёки бошқа объектларни қуриш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ёхуд ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуриш ҳамда капитал таъмирлаш вақтида дарахтларга, буталарга ёки бошқа ўсимликларга қасддан шикаст етказиш, пайҳон ва нобуд қилиш ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарлик белгиланиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 бараваридан 50 бараваригача (13 млн 125 минг сўмдан 18 млн 750 минг сўм), мансабдор шахсларга эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараваридан 75 бараваригача (22,5 млн сўмдан 28,1 млн сўмгача) жарима назарда тутилмоқда.
Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузганлик, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик эса 2 бараварга оширилди.
Шу билан бирга, Экология давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, кўрсатмаларини бажармаганлик учун жавобгарлик кучайтирилиб, фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (1 875 000 сўмдан 3 750 000 сўмгача) мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача (7 500 000 сўмдан 11 250 000 сўмгача) жарима белгиланмоқда.