Президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг «Газета.uz» ўрганган мамлакат ташқи савдоси ҳақидаги ҳисоботига кўра, январь-октябрь ойларида Ўзбекистон рекорд даражадаги 1,36 миллиард долларга газ импорт қилган.

Бу етказиб бериш ҳажми 561,7 миллион долларни ташкил этган 2023 йилнинг 10 ойидагига нисбатан 2,4 баробар (пул кўринишида) кўп. Бу ўтган йил давомида импорт қилинган газнинг умумий ҳажмидан (694,9 миллион доллар) ҳам қарийб 2 баробар кўп.

Январда «кўк ёқилғи» импорти 35,6 миллион долларни ташкил этган, февралда — 3,7 баробар кўп ёки 131,1 миллион доллар, мартда — 193,5 миллион доллар, апрелда — 102,6 миллион доллар, майда — 180,4 миллион доллар, июнда — 166,3 миллион доллар, июлда — 174,2 миллион доллар, августда — 168,3 миллион доллар, сентябрда — 126,3 миллион доллар. Статистика агентлиги етказиб беришнинг физик ҳажмини ошкор этмайди.

Октябрда 86,7 миллион долларлик газ етказиб берилди, бу 2023 йил октябрига (73,8 миллион доллар) нисбатан 17,4 фоизга кўп.

Ўзбекистон, шунингдек, ўтган йилга нисбатан кўпроқ газ экспорт қила бошлади. Етказиб бериш ҳажми 540,4 миллион долларга етди, бу ўтган йилнинг шу даврига (458,2 миллион доллар) нисбатан 17,9 фоизга кўп. Январда бу кўрсаткич 21 миллион долларни ташкил этди, февралда — 5,7 миллион доллар, мартда — 18,7 миллион доллар, апрелда — 6,9 миллион доллар, майда — 7,6 миллион доллар, июнда — 181,5 миллион доллар, июлда — 81,7 миллион доллар, августда — 81,7 миллион доллар, сентябрда — 74,7 миллион доллар.

Октябрда экспорт 60,9 миллион долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг октябрига (46,5 миллион доллар) нисбатан 1,3 баробар кўп. Ўзбекистон газни асосан Хитойга, шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистонга етказиб бермоқда.

ХХР Бош божхона бошқармаси маълумотларига кўра, йил бошидан буён Хитойга ўзбек гази экспорти 587,9 миллион долларни ташкил этган, бу 2023 йил ўн ойлик кўрсаткичидан (470,3 миллион доллар) 25 фоизга кўп. Январда Хитой Ўзбекистондан 38,8 миллион долларлик газ импорт қилди, февралда — 18,6 миллион доллар, апрелда — 11,4 миллион доллар, майда — 85 миллион доллар, июнда — 81,1 миллион доллар, июлда — 69,2 миллион доллар, августда — 97,37 миллион доллар, сентябрда — 97,4 миллион доллар. Бунда ҳам физик ҳажмлар ошкор этилмаган.

Октябрь ойида Ўзбекистон газининг импорти 88,9 миллион долларни ташкил этди, бу 2023 йил сентябрига (42,38 миллион доллар) нисбатан қарийб 2,1 баравар кўп.

Бош вазир Абдулла Арипов 2020 йилнинг январида Ўзбекистон 2025 йилгача газ экспортини тўхтатиш ниятида эканини айтган эди. Газни қайта ишлаш, қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш режалаштирилаётгани таъкидланган.

2022 йилда «Ўзтрансгаз»нинг собиқ раҳбари Бехзот Нарматов Ўзбекистон 2025−2026 йилларда газ экспортини бутунлай тўхтатиши мумкинлигини таъкидлаган эди. Ўшанда мамлакатда ишлаб чиқарилган газнинг 10 фоизга яқини Хитойга экспорт қилинар эди.

Январь-октябрь ойларида қазиб олиш ҳажми 37,1 миллиард куб/метрни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,8 фоизга ёки 1,87 миллиард куб/метрга кам. 2019 йилнинг шу даврига (50,1 миллиард) нисбатан пасайиш 13 миллиард куб/метрни ташкил этди. Бу аҳоли томонидан газ истеъмолининг йиллик ҳажмидан (2022 йил учун) кўп.

2023 йил октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали тескари режимда импорт қилмоқда. РФдан газ импорти ҳажмини ошириш учун магистрал газ тизимини модернизация қилишга 500 миллион доллар сармоя киритиш режалаштирилаётгани маълум қилинганди. Лойиҳа мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш, мавсумий нотекис истеъмолни қоплаш учун қўшимча газ ҳажмлари ва ушбу ёқилғини етказиб берувчи кафолатланган манбалар диверсификациясида муҳим аҳамиятга эга, деб аталмоқда.

«Ўзбекистон-2030» стратегиясига кўра, 2030 йилга қадар Ўзбекистонда газ қазиб олишни 62 миллиард кубометрга етказиш режалаштирилган (лекин сўнгги йилларда бу кўрсаткич пасаймоқда). Аввалроқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов агар Устюрт минтақасида геология-қидирув ишлари кутилган натижаларни бермаса, кўрсатилган йилга келиб импорт 10−11 миллиард кубометрга етиши мумкинлигини маълум қилганди.