Германия мудофаа вазири Борис Писториус 2025 йил февраль ойида бўлиб ўтадиган сайловларда Германия Социал-демократик партиясидан (ГСДП) канцлерликка номзодини кўрсатишдан бош тортди, деб ёзмоқда Reuters. Бир партиялилар Писториусни ўз номзодини қўйишга чақирганди.

«Мен ҳозиргина партиямиз раҳбариятига ва парламент гуруҳига федерал канцлер лавозимига номзодимни қўймаслигимни айтдим, — деди Писториус. — Бу менинг суверен ва тамомила шахсий қарорим». Вазир Шольцни «ажойиб канцлер» деб ҳисоблашини қўшимча қилди. Видеомурожаат кеча кечқурун ГСДП ижтимоий тармоқларида эълон қилинди.германия, олаф шольц

Борис Писториус. Фото: bmvg.de.

ГСДП раҳбарияти келаси ҳафтада Шольцни канцлер лавозимига расман номзод қилиб кўрсатишни режалаштирмоқда.

Анъанага кўра, Германияда амалдаги канцлер ўз партиясини янги сайловларда бошқаради. Собиқ канцлер Ангела Меркель кетма-кет тўрт марта ғалаба қозонган. Аммо икки йил аввал Мудофаа вазирлиги раҳбари лавозимини эгаллаганидан бери мамлакатдаги энг оммабоп сиёсатчига айланган Писториусга ГСДПда устунлик берилди.

Шольц бошчилигидаги СДП умуммиллий сўровларда 15 фоизга яқин овоз тўплади, бу партиянинг 2021 йилги сайловлардаги натижасидан 10 фоизга паст. Ўнг марказчи Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) 33% ва ўта ўнг «Германия учун альтернатива» (ГУА) 18% билан ундан юқори натижа кўрсатди.

Шольц, шунингдек, INSA институти томонидан тузилган энг оммабоп 20 нафар немис сиёсатчиси рейтингида охирги ўринни эгаллади, Писториус эса биринчи ўринни банд этди.

Шольцнинг етакчилигига шубҳалар биринчи бўлиб минтақавий амалдорлар томонидан очиқ муҳокама қилинди. «Содда қилиб айтганда, бизда икки номзод бор: бири Германиядаги энг оммабоп сиёсатчи, иккинчиси эса бунинг акси — оммабоплиги энг кам бўлган сиёсатчи. Аслида, бу ҳаммасини айтиб турибди», — деди Financial Times нашрига СДП аъзоси бўлган Майфельд шаҳри мэри Максимилиан Мумм.

Reuters нашрининг хабар беришича, Шольцнинг атрофидагилар, қийин вазиятларда канцлернинг «ишончли шахс» сифатидаги обрўсини инобатга олган ҳолда, у ҳали ҳам ғалаба қозониши мумкинлигига ишонч билдирмоқда.

Шольцнинг ўзи аввалроқ сайлов пойгасидан четлашмаслигини айтган ва қуйи рейтингларни яхшироқ натижага эришиш учун мотивация деб атаган.