Энергетика вазирлиги Ўзбекистондаги иссиқхона хўжаликларига газ етказиб беришда чекловлар мавжудлигини рад этди.
21 ноябрь куни молиячи Отабек Бакиров газдан узилган иссиқхоналар сомон ва шиналар ёқаётгани, пропан ишлаб чиқаришга газ йўқлиги, газ экспорти эса, аксинча, ўсиб бораётгани ҳақида ёзди.
Вазирлик 26 сентябрьдаги президент қарорига (ПҚ-339) асосланиб, иссиқхоналар табиий газдан фақат ўз вақтида тўлов қилинган тақдирда фойдаланиши мумкинлигини маълум қилди.
«Иссиқхоналар учун газ етказиб беришда ҳеч қандай чекловлар йўқ. Яъни, иссиқхона эгалари белгиланган тўловларни амалга оширган ҳолда табиий газдан фойдаланиш имкониятига эга», — дейилади хабарда.
Октябрь, ноябрь ва декабрь ойларида иссиқхоналарга газ учун аввалги 100 фоиз ўрнига, 50 фоизлик олдиндан тўловни амалга оширишга рухсат берилди. Шунингдек, улар электр ва газ узилишлари ҳақида олдиндан хабардор қилиниши керак.
Аввалроқ Тошкент тумани ҳокимлиги ва Экология бошқармаси иссиқхоналарда фильтрлар мавжудли бўйича ўрганиш ўтказган. Хусусан, 10−14 ноябрь кунлари ишчи гуруҳ 25 гектар майдонда жойлашган 38 та иссиқхонани ўрганган. Аниқланишича, 29 та иссиқхона (19 гектар) ўз фаолиятини давом эттирмоқда, 9 таси эса ишлашни тўхтатган. 17 та иссиқхонада бодринг ва помидор, 9 тасида гуллар, 2 тасида кўкатлар, 1 тасида лимон етиштирилмоқда. Иссиқхоналарнинг 26 таси кўмир билан, 3 таси эса табиий газ билан иситилмоқда.
Улардан фақат 6 та иссиқхонада экологик экспертиза хулосалари мавжуд ва 7 тасида фильтрлар ўрнатилган.
Иссиқхонада дудбурондан фойдаланиш қоидаларини бузган жами 3 та иссиқхона эгаларига жарима қўлланилди, 9 тасининг фаолиятини тўхтатиш бўйича Иқтисодий судга даъво аризалари киритилди, 29 та фаолият юритиб келаётган иссиқхоналар эгалари давлати стандарти талабларига жавоб берадиган чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатмаган тақдирда, қонуний жавобгарликка тортилишлари ҳақида огоҳлантирилди.
Молиячи Отабек Бақировнинг таъкидлашича, иссиқхоналарга узлуксиз газ таъминоти ваъда қилинган бўлса-да, муаммонинг асли сабаби газ етишмовчилигида. Оқибатда, улар кўмир, шина, чиқинди ва бошқа кўп тутун чиқарадиган маҳсулотлардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.