Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин-қутқарув қисмида 4 миллиондан ортиқ пиротехника буюмлари йўқ қилинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 22 ноябрь куни қўмита Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда илк бор ва катта масштабда пиротехника буюмларини йўқ қилиш тадбирини ташкил этган.
Тадбирда масъул органлар томонидан ўтказилган турли тадбирлар давомида муомаладан олиб қўйилган 4 миллион 65 минг 562 дона пиротехника буюмлари дастлаб сувда бўктирилиб, яроқсиз ҳолатга келтирилди ва махсус хандаққа кўмиб юбориш йўли билан йўқ қилинди.
Божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси бошлиғи Акрамжон Ахлимирзаевнинг маълум қилишича, йўқ қилинган пиротехника воситаларининг салкам 88 фоизи, яъни 3 миллион 537 минг донаси сўнгги бир йил давомида бевосита божхона органлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида ноқонуний муомаладан олиб қўйилган.
Масалан, 2023 йил 15 декабрь куни ўтказилган тезкор тадбирда Сергели туманида аввалдан кузатувга олинган шахснинг хонадони кўздан кечирилганида, 12 турдаги 162 минг 153 дона салютлар ва петардалар сақланаётгани аниқланган. Ушбу ҳолатни содир этган шахс аввал ҳам айнан пиротехника буюмлари савдоси билан боғлиқ жиноятни содир этиб, судланган.
Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг ҳукмига кўра, бу сафар фуқарога 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Йўқ қилиш жараёнида ушбу ҳолатга тегишли 162 минг 153 дона салютлар ва петардалар ҳам кўмиб юборилган.
Таҳлилларга кўра, божхона органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар ҳамда божхона назорати жараёнида жами 77 та ҳолатда қиймати салкам 1 миллиард сўмлик, миқдори 7 миллион 390 минг донадан ортиқ пиротехника буюмлари ушлаб қолинган. Мазкур ҳолатлар бўйича 5 та жиноят ишлари қўзғатилган бўлса, 53 та ҳолатда маъмурий ишлар юритилган. 2024 йилда ушлаб қолинган пиротехника воситалари миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,2 баробарга ошган.