Ўзбекистон ички ишлар органлари ходимлари жиноятчилик муаммосини ҳал қилишда ғайриоддий ёндашув билан жамоатчиликни яна бир бор ҳайратда қолдирди. Жамоатчилик бу «саъй-ҳаракатлар»га яна ижобий баҳо бермади ва норозилигини билдирди.
«Тилхат билан олиб кетинг»
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ИИБ ходими томонидан «бутун маҳалладан» йиғилган ўнлаб болалар аравачалари, шунингдек, велосипедлар, самокатлар ва ҳатто ўйинчоқ машиналар кўрсатилган видео тарқалди.
Уларга бу воситалар олиб келинган уй ва подезд манзили ва рақами кўрсатилган қоғозлар ёпиштирилган.
«Уларни подездларга қўйманглар… Ҳамма ўзига тегишли буюмларни уйига олиб кириб қўйсин», — дейди видеодаги эркак. Акс ҳолда уларни «ички ишлар 3-бўлимидан тилхат билан» олиб кетишга тўғри келишини қайд этган.
«Гезета.uz»га бошқа туманларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар ҳақида маълум бўлди. Журналистларимиздан бирига Юнусобод туманининг 6-даҳасидан видео жўнатилди. Видеода аёл кишининг айтишича, агар кимдир ўз аравачасининг йўқолганига гувоҳ бўлса, улар маҳалладаги участка назоратчисининг хонасида бўлади.
«Уларни подездда бошқа қолдирмаслик ҳақида тилхат билан олиб кетасиз», — дейди аёл.
Шайхонтоҳур тумани «Жангоҳ» маҳалласида яшовчи фуқаронинг айтишича, унинг «коляскаси»ни ҳам участкага олиб кетишган. Уни олиш учун тилхат ёзишга тўғри келган. Нима учун бундай қилингани ҳақидаги саволга унга ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида шундай қилинган деб жавоб беришган.
«Ўғрилик учун шароит яратманг»
Яна бир фуқаро таниши ўғлининг велосипедини одатда «коляска»лар ва велосипедлар турадиган подезддаги майдончадан ўғирлаб кетишганини айтди. Участка ходими ўғрини топа олмаган ва болага велосипедни ўз ҳисобидан олиб беришни таклиф қилган. Унинг тан олишича, агар йўқолганлик ҳақидаги ариза «ёпилмаса», бу унинг ишига зарар бўлади.
Фуқаро мол-мулк йўқолгани ҳақидаги аризалар сонининг кўпайишига йўл қўймаслик учун ички ишлар ходимлари аравача ва велосипедларни ўзлари олиб кетишгани мумкинлигини тахмин қилди.
Самарқанд. Фото: Шуҳрат Шокиржонов.
«Газета.uz» мухбири Чилонзорнинг 10-мавзесидаги уйга ташриф буюриб, у ердан аҳолининг мулки участкага олиб кетилганини аниқлади. Кўчада суҳбатлашган ППХ ходими туманда ўғирлик ҳолатлари кўпайганини маълум қилди. Ходимнинг айтишича, аҳоли аравачалар ва бошқа нарсаларни йўлакларда қолдириб, «ўғирлик учун шароит яратмоқда». У мол-мулк уни сўраб мурожаат қилганларга қайтарилади, дея қўшимча қилди.
3-ички ишлар бўлими вазият юзасидан изоҳ беришдан бош тортиб, пойтахт ИИББга мурожаат қилишни маслаҳат берди.
Видеода манзили кўрсатилган уйда мулки участкага олиб кетилган фуқароларни топиш имкони бўлмади. Бироқ, улардан бири яқинда бу ерда самокат ўғирланганини айтди.
ИИББ матбуот хизматининг «Газета.uz» сўровига жавобан тасдиқлашича, ИИБ ходимлари «ёпиқ бинода ёки камералар остида, қулфланадиган йўлакларда турган нарсалар эмас, балки айнан қаровсиз қолдирилган буюмлар»ни олиб кетишган. Идора таъкидлашича, мулк эгаларига ҳеч қандай жарималарсиз қайтарилади.
«Бу мол-мулкни ўғирлашнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда. Афсуски, ўғирлик ҳолатлари мавжуд», — дейилади хабарда.
Шаҳарнинг турли туманларида мол-мулк «йўқолиб қолаётгани» сабабли ким бундай кўрсатма берган бўлиши мумкин, деган саволга ИИББ: «Ҳеч қандай кўрсатма бўлмаган. Айрим жойлардаги раҳбарлар, масалан, ички ишлар бўлими бошлиғи ўз ҳудудларида бундай мол-мулк ўғирланмаслиги учун ўз ташаббусини кўрсатган», дея жавоб берди.
Бунақанги воқеани ўйлаб топиш ҳам қийин
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ўзининг Telegram каналида қуйидаги саволларни берди: «Кимда-ким ўзига тегишли мулк ҳақида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига юқоридаги каби мазмунда ариза/тилхат ёзиб берса ва мулкини ўғирлатиб ё йўқотиб қўйса, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ўша мулкни қидирмасликка ҳақли бўладими? Ғалати эмасми? Фуқаролар ва уларнинг мол-мулки хавфсизлигини таъминлай олмай, уларга „нарсамни йўқотсам, ўзим сабабчи бўламан“ деб ариза ёздирадиган ҳуқуқ-тартибот органларининг нима кераги бор?»
Журналист оиласи учинчи қаватда яшайдиган ва қўшнилари каби подездда «коляска»сини қолдирган тошкентлик фуқаронинг ҳикоясини эълон қилди. Фуқаронинг сўзларига кўра, сентябрь ойида, у хизмат сафарида бўлганида, «коляска» йўқолган. Лекин қўшни подезддаги «коляска»лар жойида қолган. Оила аравачани ўғирлашган деб ўйлаган.
Уч-тўрт ҳафтадан сўнг қўшниси уларга аравачани участка нозири олиб кетган бўлиши мумкинлигини айтган. Нозир саволга жавобан олиб кетилган ўша аравача ҳам бор бўлган суратларни юборган. У «аравача базада» эканини маълум қилган ва манзилни берган. Фуқаро кўрсатилган манзилга борган, қабулхонада аравачани қайтариб беришни айтишган.
Кечқурун унга бир киши бегона рақамдан қўнғироқ қилиб, аравачани эгаси чиқмагани учун эҳсон қилиб юборилганини айтган. Кейинроқ аравачани олган аёл қўнғироқ қилган. У аравачани яқинда фарзандли бўлган қизига берганини айтган. «Хуллас, буёғи мана шунақа каша!» — дея ёзади фуқаро.
Кейинроқ у аравачани олиб кетиш ҳақидаги буйруқни қандайдир бошлиқ берганини аниқлаган. Уни топишга уриниб, бир ҳафта сарфлаган, аммо у билан учраша олмаган. «Охири кечдим, лекин рози эмасман, дедим. У коляска совға эди, фарзандли бўлганимда бобоси олиб берганди», — дейди у. Унинг тахминича, аравачалар ва эгалари келмайдиган бошқа нарсалар худди шундай тарзда эҳсон қилиб юборилади.
«Очиғи, воқеаларнинг бунақанги ривожини ўйлаб топиш ҳам қийин» — дея таъкидлади журналист.
Таҳририятдан
Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида сўнгги йилларда турар жойларнинг подездларида «коляска» ва велосипедларни қаровсиз қолдирмасликка чақирувчи шундай эълонлар (қоғоз шаклида ва трафарет орқали бўёқ билан ёзилган) осиб қўйилган.
Тошкентдаги подездлардан бирида олинган сурат.
Ички ишлар вазирлиги «ўғрилик учун шароит яратмаслик» деган шунга ўхшаш шиорни кўпдан бери калитни ўт олдириш блокида унутиши ёки қимматбаҳо нарсаларни машинада сақлаши мумкин бўлган автомобиль эгалари орасида тарғиб қилиб келади.
Шу вақт аввалги йиллардаги ИИБ бинолари, маҳалла ва уйларда, шунингдек, ИИВ машиналарида учрайдиган «Ўз уйингни ўзинг асра» шиори эсга тушди.
ИИВ автобусидаги «Ўз уйингни ўзинг асра» ёзуви. 2015 йил, Тошкент.
Ички ишлар органлари вакиллари янги босқичга — «жиноятни олдини олиш»га ўтганига қараганда, фуқароларга қаратилган чақириқ ва таъналар ишламаяпти. Аммо ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг одамлар норозилиги ва турли саволларига сабаб бўлувчи бундай хатти-ҳаракатлар қанчалик тўғри ва қонуний?
Бир нарса аниқ: одамларнинг ҳаёти ва мол-мулки хавфсизликда эканигига ишонтириш, бу ғояни тарғиб қилиш ва бунинг учун шароит яратиш анча мураккаб вазифа ҳисобланади.