Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Унда айтилишича, келгуси йилда Сурхондарёга 2 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, 425 минг аҳолини банд қилиш ва экспортни 320 миллион долларга етказиш режа қилинмоқда.

Масалан, «Айритом» халқаро савдо зонасида бир ойда ўртача 5 миллион долларлик маҳсулот сотилади. Агар унинг ҳудуди 150 гектарга кенгайтирилса, яна 250 миллион долларлик лойиҳаларга жой яратилади.

президент, сурхондарё, сурхондарё вилояти

Хитойлик инвесторлар Боботоғ ҳудудидаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция киритиб, 2 минг иш ўрни яратишни таклиф қилмоқда. Бунинг натижасида йилига 600 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.

Шерободнинг Вандоб ва Чорбоғ ҳудудлари эса вольфрам, кўмир, ош тузи, кварц қуми каби табиий ресурслар захирасига бой. Бу конларга 320 миллион доллар инвестиция жалб қилиб, 1,5 минг иш ўрни яратиш мўлжалланган. Бандихон туманидаги 50 гектар майдонда Термиз эркин иқтисодий зонасининг филиалини очиш режалаштирилган.

«Бойсун ва Узун туманлари табиати каврак етиштириш учун қулай. 18 минг гектар яйлов ва ўрмон ерлари шу мақсадда аҳолига берилса, 4 минг одамнинг бандлиги таъминланади. Узун, Шўрчи ва Қумқўрғондаги худди шундай яйловларда қўйчилик ва қорамолчилик мажмуаси ташкил этиш мумкин», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Музработдаги 17 та коллекторда йиғиладиган сув қарийб 4 минг гектарда шоли етиштириш имконини беради. Бу орқали йилига 8,5 минг тонна гуруч олинади, 400 нафар одам доимий, яна 4,5 минг нафари мавсумий иш билан банд бўлади.

президент, сурхондарё, сурхондарё вилояти

Қизириқ туманида 300 гектарда иссиқхона, Олтинсойда 1 минг гектарда узумзор ташкил этиб, бозорбоп маҳсулотлар етиштириш ҳам яхши иқтисодий самара беради. Сангардак, Омонхона, Бойсун ҳудудида туризм шароитларини яхшилаб, камида 1 миллион сайёҳни жалб қилиш бўйича дастур ишлаб чиқилади, таъкидланди йиғилишда.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов шу каби имкониятларни ишга солиш бўйича режаларни тақдимот қилди. Давлат раҳбари тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш, конлар негизида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, савдо ва хизматларни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди. Деҳқончилик учун ажратилаётган ҳар бир майдон аҳоли бандлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига хизмат қилиши кераклиги таъкидланди.