Санжар Садиқович Саттаров Тошкент шаҳридаги ерусти жамоат транспорти «Тошшаҳартрансҳизмат» (ТШТҲ) АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

У 1979 йил 15 ноябрда Бухоро вилоятида туғилган. 2001 йилда Тошкент автомобиль ва йўллар институтининг бакалавр босқичини, 2005 йилда Тошкент автомобиль ва йўллар институтида магистратура босқичини автотранспорт воситаларидан фойдаланиш, автотранспортда халқаро юк ташиш йўналишини тамомлаган.

Тайинловга қадар Санжар Саттаров Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг турли лавозимларида, Транспорт вазирлиги тасарруфидаги «Uzautotrans Service» МЧЖ бош директори, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси бошлиғи ўринбосари ҳамда Транспорт назорати инспекцияси Автомобиль ва сув транспортида назорат бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилдан 2024 йил февралигача «Тошшаҳартрансхизмат» бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келган Анвар Жўраев февраль ойида Бош прокурор ўринбосарининг илтимосномасига биноан қўлга олинган эди. Шундан сўнг иш ДХХ томонидан олиб борилаётгани, Жўраев компания бош муҳандиси ва 1 ва 8-автобус саройлари раҳбарлари билан тил бириктириб, эҳтиёт қисмлар ва ёқилғи ўғирлашда гумон қилинаётгани маълум қилинди. Унга нисбатан суд жараёни 23 сентябрда бошланди.

Транспорт вазирлиги тизимида яна бир янги тайинлов амалга оширилди.

Икрамов Миракбар Мирсаитович Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

У 1981 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 2006 йилда Тошкент авиация институтининг маркетинг йўналишини тамомлаган. Тайинловга қадар Икрамов Миракбар Мирсаитович Транспорт вазирлиги Автомобиль ва жамоат транспорти департаменти бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ пойтахт транспорт бошқармасига яқинда янги раҳбар тайинланди. Июнь ойидан буён ушбу лавозимни Фазлиддин Бахромов эгаллаб келаётганди.