Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Бойсундаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) газ конида техноген фалокат юз бергандан бери ҳудудга икки марта ташриф буюргани маълум бўлди.

Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовнинг «Газета.uz»га тасдиқлашича, ҳукумат раҳбари президент топшириғи билан 29 сентябрь ва 11 ноябрда Кофрун шаҳарчасига борган.

Қайд этилишича, бош вазир икки ташрифда ҳам аҳоли билан учрашиб гаплашган. Агар аҳоли кўчишга рози бўлса, кўчириш чоралари кўрилади. Ҳеч қанақа масала йўқ, дейди ҳукумат раҳбари расмий вакили.

Ижтимоий тармоқларда Абдулла Ариповнинг Бойсунга ташрифи акс этган сурат ва видео тарқалди. Уларда амалдорнинг бир гуруҳ мутахассислар билан фалокат юз берган ҳудудда туриб суҳбатлашаётгани ва Кофрун аҳолиси билан маслаҳатлашаётгани акс этган.

«Олдини олишимиз бўйича ҳеч қандай муаммо бўлиши мумкин эмас. Ҳамма чораларни кўрамиз. Мутахассисларни Америкадан ҳам, Европадан ҳам олиб келдик. Айни пайтда Россиядан шу соҳанинг билимдонларини олиб келганмиз.

Президентимиз ОАВни доимий кузатиб борадиларда, аҳоли билан гаплаш, ростан шунақа фикр борми-йўқми, одамлар кўчишга розими-розимасми, дедилар", — деб таъкидлади бош вазир.

«Шукрона қилишимиз, дуода бўлишимиз керак. Ота-боболаримиз чорва боқиб, яшаб ўтган жойлардан газ чиқиб, обод бўляпти», — дея таъкидлаган оқсоқоллар. Шунингдек, суҳбат охирида дуо ўқилиб, тинчлик-фаровонлик тиланган.

«Ҳамма шарт-шароитларни яратиб бериш бу давлатнинг зиммасида. Бундан муаммо бўлмайди. Яна қайтариб айтаман, олдингизга 2−3 марта келаман. Бир маслаҳатлашиб, шу масаланинг [эвакуация — таҳр.] жавобини айтасизлар», — дея бош вазирнинг гаплари билан якунланади видео.

Бош вазир матбуот хизматининг қўшимча қилишича, яқинда тасдиқланган Ҳукумат дастури доирасида Сурхондарёнинг тоғли ҳудудларида экотуризмни ривожлантириш масалалари ҳам ўрин олган. Бу бўйича президент ҳам ҳукумат олдига қатор вазифаларни қўйган.

«Бош вазир иш режасига бошқа вилоятлар қатори Сурхондарёга ҳам бориш киритилган. Ушбу топшириқ ижросини таминлаш мақсадида ҳудудга борганларида, албатта, Кофрун аҳолиси билан ҳам учрашиб гаплашадилар. Аҳоли ўйлаб, қолганлар билан ҳам маслаҳат қилиб, бир қарорга келган бўлишса, жавобни айтишади», — деб таъкидлади Бекзод Ҳидоятов.

Эслатиб ўтамиз, Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) газ кони қудуқларидан бирида 1 сентябрь куни бурғилаш ишлари вақтида техноген фалокат юз берган эди, сентябрь ўрталарида «Газета.uz» жамоаси у ердан репортаж тайёрлаган эди.

Таҳририят аъзолари 1−2 ноябрь кунлари Бойсунда бўлиб, техноген офатдан энг кўп азият чеккан Кофрун шаҳарчаси аҳолиси, Бойсундаги техникум ётоқхонасига эвакуация қилинган оилалар, газдан заҳарланиб, даволанишда бўлган фуқаролар, шунингдек, қудуқдаги иккинчи авария оқибатида ҳалок бўлган йигитлардан бирининг қариндоши билан суҳбатлашганди.