Баҳодир Низомович Қурбонов Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га манба маълум қилди.
Бунга қадар ДХХ раҳбари Абдусалом Азизов эди.
Баҳодир Қурбонов 2019 йил 11 февралдан бери Ўзбекистон мудофаа вазири лавозимини эгаллаб келаётган эди. У пайшанба, 21 ноябрь куни президент фармони асосида ушбу лавозимга қайта тайинланганди.
У 1987−1989 йилларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. 1990 йилда Ўзбекистон ИИВ Олий тергов мактабига, 1992 йилда эса Ўзбекистон ИИВ Олий мактабига ўқишга кирган.
2002−2005 йилларда Жиззах тумани ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган. 2005 йилда Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ИИБ бошлиғи лавозимига ўтган. 2008 йилда Ўзбекистон ИИВ патруль хизмати бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллади. Шу йилнинг ўзида Наманган вилояти ИИБ бошлиғи этиб тайинланди.
2013 йил 24 декабрдан 2015 йил 27 декабргача Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. 2015 йилда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи этиб тайинланган. 2017 йил 14 январда генерал-майор унвонига сазовор бўлди.
2018−2019 йилларда Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони лавозимида фаолият юритган. 2021 йил январь ойида унга генерал-лейтенант унвони берилди.
Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги қонунга кўра, ДХХ раиси ўз фаолиятини амалга оширишда бевосита президентга бўйсунади. ДХХ раиси лавозимига номзод Олий Мажлис Сенати билан маслаҳатлашувлардан сўнг президент томонидан лавозимга тайинланади.
Давлат хавфсизлик хизмати ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимояланишни, қонунийликни мустаҳкамлашни, терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик, қурол-яроғ ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашни таъминлайди. У разведка ва контрразведка фаолияти, давлат чегараларини қўриқлаш, қуролли кучлар ва мудофаа саноати комплексини давлат хавфсизлигига бўлган хавф-хатар ва таҳдидлардан ҳимоя қилиш, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича стратегик ташаббусларни амалга оширишда, иқтисодий, илмий, ижтимоий ва ахборот соҳаларида иштирок этиш билан шуғулланади.
Шунингдек, ДХХ коррупцияга қарши курашади, давлат сирларининг сақланишини назорат қилади, телекоммуникация ва транспорт хавфсизлигини таъминлайди, фавқулодда вазиятларнинг олдини олади ҳамда бошқа вазифаларни бажаради.